Францияда полициячи мамлакат президенти Франсуа Олланд ва бош вазир Мануэль Вальс билан қўл бериб саломлашишдан бош тортди. Бу воқеа 13 июнь куни террорчи томонидан ўлдирилган полициячи ва унинг рафиқасини хотирлаш маросими вақтида рўй берган.

Маросимда иштирок этган Олланд саф тортган бир қатор полициячилар билан кўришиб чиқади. Сафда турганлардан бири эса президентга қўлини узатмаган. У президент ортидан келаётган бош вазир билан ҳам қўл бериб кўришмаган.

Қўшимча қилинишича, Вальс унга яқинлашиб, нимадир деган. Унинг нима дегани маълум эмас.

Парижнинг Маньянвиль шаҳрида 13 июнь, душанба куни кечқурун полициячи ва унинг рафиқаси ИШИД таъсиридаги террорчи томонидан ўлдирилди. Бу вақтда уйда 3 ёшли гўдак бўлган, террорчи йўқ қилинган.