Барча нарсанинг ўз меъёри бор. Жумладан, қизиқишларнинг ҳам. Аммо бу тушунчага барча ҳам бирдек амал қилавермайди. Ҳатто меъёр ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Айниқса, футбол фанатлари.

Яқинда туркиялик футбол фанати ва унинг ҳазилкаш хотини билан бўлган воқеа видеоси интернет тармоғида жойлаштирилди. Видеороликда Евро-2016 доирасида кечган Туркия ва Хорватия ўйинини томоша қилаётган (ўшанда Туркия 0:1 ҳисобида мағлубиятга учраган эди) эр ва телевизорни масофадан туриб бошқараётган хотин маш-машаси акс этган.

Ўйин айни қизиётган вақт телевизори ўчиб қолаверишидан жаҳли чиққан эр алалоқибат уни уриб синдиради. Қўшиб бошқа маиший техникаларни ҳам. Бу воқеа бир қарашда кулгули кўринади. Аммо унинг замирида катта муаммо ётибди. Фанатизм жуда ёмон иллат. Ҳиссиётга берилиб бугун жиҳозлар синдирилса, эртага ўзгалар жонига озор етказилади. Бу ҳолатга футбол бўйича Францияда ўтаётган Европа чемпионатида ҳам гувоҳ бўлдик.

Шу боис меъёрнинг олтин қоидасига амал қилинса, сих ҳам куймайди, кабоб ҳам.