2005 йилдан 2013 йилга қадар Россия Федерациясида ишлаб юрган Шавкат Ражабов бировлар ишончига кириб, Ўзбекистон Республикасига Россия Федерациясидан арзон нархларда юк ташувчи “Газель” автомашиналари олиб келиб беришни ваъда қилади. Унга ишонган фуқаролар автомашина олиш учун пешона тери билан ишлаб топган пулларни ишониб топширадилар. Бироқ унинг мақсади бошқа эди. Бу тўғрисида “Ҳуқуқ” газетаси ёзмоқда.

Хуллас, унга машина савдосида Россия Федерациясидан туриб Учқун, Неъмат, Хуршед, Заур исмли танишлари ёрдам беришади ва машиналарни юртимизга жўнатадилар. Қозоғистондан 5 та “Газель” автомашинасини кутиб олган Ш.Ражабов 4 тасини ўз номига,  1 донасини эса таниши Амин Жумаев номига расмийлаштирилиши лозим бўлганлиги сабабли бу автомашиналар эгаларига етиб бормайди. “Газель” келишини кутавериб тоқати тоқ бўлган харидорларга эса турли баҳоналар топишдан чарчамайди. Ушбу ҳолат эса пулларини тўлаб қўйган автомашина эгаларининг норозилигига сабаб бўлади.

Тергов жараёнида Ш.Ражабов ваъдаларни “қуюқ” қилиб, Фуқаро Намоз Тўлқиновдан (жабрланувчиларнинг исм-шарифи ўзгартирилган) ҳамда унинг Россияда ишлаётган акалари Низом ҳамда Ғуломдан 60 минг АҚШ доллари, яна бир фуқаро Шоҳназар Ҳайдаровдан 13 минг АҚШ доллари ва Оқил Мирзаевдан 45 миллион сўм миқдордаги пулларни олганлиги маълум бўлди.

Жиноят ишлари туман судининг ҳукми билан Шавкат Ражабовга 4 йил-у 2 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.