Бундан 60 йиллар аввал Исроилда озиқ-овқат маҳсулотлари махсус карточкалар орқали тарқатиларди. Мамлакат ўшанда инсонпарварлик ёрдамларига кўз тикиб яшарди. Бугунги кунда худуди 22 минг квадрат километрни ташкил қиладиган, ҳудудларининг ярми тоғлик, ўрмон, чўл ва саҳролардан иборат бўлган Исроил давлати тўлалигича ўзининг аҳолисини озиқ-овқат билан таъминлайди, бир ярим миллиард долларлик қишлоқ хўжалик махсулотларини экспорт қилади.

Таҳлилчиларнинг сўзларига қараганда, Исроил қишлоқ ҳўжалигида бугунги кунда мамлакат аҳолисининг атиги 6 фоизи меҳнат қилади. Шу билан бирга мамлакат ўзини ўзи озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга эришди. Бу мамлакатга озиқ-овқат маҳсулотларининг атиги 5 фоизи четдан олиб келинади.


Исроилнинг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари – сабзавот, картошка, қовун-тарвузлари, цитрус мевалари, уруғ ва кўчатлари АҚШ, Канада, шунингдек, Осиё, Африка, Ғарбий ва Шарқий Европанинг ўнлаб мамлакатларига сотилади. Шунингдек, бу мамлакат бир йилда бир ярим миллиард дона гул экспорт қилади. Гул, мева ва сабзавотларнинг асосий қисми иссиқхоналарда етиштирилади. Масалан, очиқ хаводаги бир гектар ердан 60-80 тонна помидор ҳосили олинса, компьютер билан бошқариладиган иссиқхоналардан 500 тоннагача ҳосил йиғиштириб олиниши амалда исботланди.

Бугунги кунда Исроил кўкатлар етиштириш ва сотиш бўйича жаҳонда биринчи ўринга чиқиб олди. Бу мамлакат 36 турдаги кўкатларни етиштиради ва экспорт қилади. Масалан, бугун эрталаб етиштирилган кўкатлар эртаси куни Европа мамлакатларининг дўконлари пештахталаридан жой олади. Узум сотиш бўйича ҳам Исроилнинг олдига тушадиган мамлакат йўқлиги айтилади. Қиммат бўлишига қарамай, Исроил уруғлари жаҳон бозорларида катта талабга эга.

Чорвачилик – Исроил қишлоқ хўжалигининг фахри саналади. Исроил фермаларидаги сигирларнинг оёғидаги тақинчоқларни кўрган хорижликлар аввалига ҳайрон бўлишлари шубҳасиз. “Педометр” деб номланмиш бу жиҳоз сигирларнинг қанча сут беришидан ташқари, ҳайвонлар бир кунда қанча қадам ташлагани ҳақидаги барча маълумотларни ҳўжаликнинг бош компьютер марказига етказади. Агар сигир бир кунда белгиланган даражада юрмаган бўлса, у ҳолда касал ҳисобланади. Исроил сигирлари бир йилда 9-12 минг литр сут беради. Битта сигирдан сут соғиш бўйича Исроил жаҳонда биринчи ўринда туради.

Мана 60 йилдан ошибдики Исроил технологиялари ер юзидаги турли мамлакатларнинг миллионлаб гектар қишлоқ хўжалик экинзорларида, далаларида, боғ ва паркларда, хонадонларда, шаҳарларни кўкаламзорлаштиришда, дала ҳовлиларда ишлатилмоқда. Исроил хорижий давлатларга қишлоқ хўжалик ва чорвачилик жиҳозлари мажмуаларини етказиб беради. АҚШ, Япония, Канада, Австралия каби иқтисоди ривожланган мамлакатлар ҳам Исроилнинг ишончли, арзон ва шу билан бирга сифатли технологияларини афзал кўришади. Шу сабабли ҳам мутахассислар “Исроил технологиялари жаҳонни очарчилик ва чанқоқликдан қутқармоқда”, дейишади. Чунки айнан исроиллик мутахассислар яратган технологиялар асосида ҳосилни нест-нобут қилмай сақлаш имконияти пайдо бўлди. Ташқи ҳамкорлик соҳасида исроиллик мутахассислар хорижлик ҳамкасбларининг малакасини оширишга ҳар томонлама ёрдам беришади.

Бу мамлакатнинг қора ва қизил увилдириқлари халқаро бозорда юқори баҳоланади. Паррандачилик ҳам яхши ривожланиб, мамлакатда товуқ, ўрдак, ғоз, курка каби паррандалар кўпайтирилади.

Бутун жаҳонда сув бебаҳо табиий ресурс саналади. Деҳқончилик эса суғоришни тақозо қилади. Исроил мураккаб иқлимга мослашган минтақада жойлашган. Сув ресурслари чекланган, ёмғир ҳам қиш фаслида, яъни декабрь-апрель ойларидагина ёғади. Шу сабабли ҳам сувдан тежамли ва самарали фойдаланиш замонавий қишлоқ хўжалигининг талабидир. Мавжуд муаммоларга қарамай, Исроил бир қатор муваффақиятларга эришди. Исроил мутахассислари таклиф этаётган жиҳозлар сувдан самарали ва экология, ер ва сув манбаларига деярли зиён етказмасдан фойдаланиш имконини яратди. Исроилда бир йилда суғориш ишларига 1 миллиард 200 миллион куб метр сув сарфланади. Шундан учдан икки қисми табиий манбалар ҳиссасига тўғри келади.

Деҳқонларни сув билан таъминлашга мўлжалланган Умумисроил сув қувури барпо этилган. Сув тақсимлаш тизими ҳар бир экин майдонини қамраб олган. Шунингдек, ёмғир сувларни тўпловчи махсус резервуарлар қурилган, айни дамда бу каби сув омборларни қуриш ишлари давом этмоқда. Сув тақчиллиги билан боғлиқ муаммолар юзага келган вазиятдан чиқиб кетишни тақозо қилади. Бир томондан қишлоқ хўжалик ерларини сув билан таъминлаш муаммосини ҳал қилиш керак бўлса, иккинчи томондан аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, саноат корхоналарига сув етказиб бериш хам асосий масалалардан биридир. Шу сабабли денгиз сувларини чучуклаштиришга катта аҳамият қаратилмоқда. Исроилда сўнгги 30 йил мобайнида сув тақсимоти ўзгаришсиз қолган бўлса-да, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш беш баробар ошди. Бундай натижага томчилаб суғоришда янги технологияларни қўллаш орқали эришилди.
 
Шарофиддин Тўлаганов