Кучли ёғингарчиликлардан сўнг пайдо бўлган бир неча сел оқими, Қирғизистоннинг стратегик аҳамиятга молик Бишкек — Ўш автомагистралидаги ҳаракатни тўсиб қўйди, деб хабар қилмоқда республика ФВВ матбуот хизмати. 

Мамлакатнинг шимолий ва жанубий қисмини боғловчи ягона автомобиль йўли 3 минг метр баландликдаги тоғ ёнбағирларидан ўтиб, узунлиги 600 километрга яқиндир. 
Вазирлик маълумотига кўра, 17 июнга ўтар кечаси Қирғизистонда кучли жала қуйгани боис, Бишкек-Ўш трассасининг 430-435 километрларида 7та сел оқими юз берган. Натижада автомобиль қатнови тўхтаган. Қурбонлар ва жабрланганлар йўқ. 

Йўл таъмирлаш хизматлари трассани тозалаш ишларини олиб бормоқда, эрталабга келиб, йўлнинг бир томонида ҳаракатга рухсат берилган. Айни вақтда, тозалаш ишлари давом этмоқда.