Тошкентнинг "Локомотив" жамоаси бош мураббийи Андрей Микляев унинг жамоасига ҳакамлар ёрдам беради, деб ўйлашларидан ҳайратга тушди.

“Насаф” – “Локомотив” (1:2) учрашувидан сўнг ташкил этилган матбуот анжуманининг дастлабки қисмида “Локомотив” жамоасининг бош мураббийи Андрей Микляев иштирок этди.

-Бугун стадионга ташриф буюрган мухлислар яратган муҳит жуда ажойиб бўлди. Ўйин ҳақида тўхталадиган бўлсам, биз қийин ўтган учрашувда яратилган имкониятлардан унумли фойдаланиб, ғалабага эришдик. Албатта ҳар қандай жамоа мухлислари ўз севган жамоаларини ютуғини кўришни ҳоҳлайди – бу тушунарли ҳолат. Шундан келиб чиқиб, мухлисларнинг кайфиятини тушунса бўлади. Яна ўйин ҳақида гапирадиган бўлсам, қандайдир ҳолатларда омад биз томонда бўлгандир. Аммо ўйлайманки, “Насаф” жамоасига нисбатан бугунги ўйинда кўпроқ вазиятлар ярата олдик.

Бугунги учрашувдаги ҳакамлик ҳақида гапирмоқчи эмасман. Негадир бизнинг сафардаги ўйинларимиздан сўнг кўпроқ ҳакамлик ҳақида саволлар бўлади. Ўз майдонимизда ўтган учрашувларда эса бу ҳақда саволлар бўлмайди. Аммо мен ҳакамлар ишига баҳо бериш ваколатига эга эмасман, уларнинг ҳаракатини ўзларингиз кўрдиларингиз. Қолаверса, уларни ишига баҳо берадиган назоратчилар бор.

Таъкидлаш жоизки, ўтган мавсумларда ҳам "Локо"га ҳам ҳакамлар ёрдам беради, деган асоссиз гаплар болалаганди. Хусусан, мухлислар жамоа ўйинларининг жуда кўпчилигини Ҳузан Рўзиев бошқаришига ҳайрон қолишарди. Лекин бу гапларнинг барчаси асоссиз эканини келишилган ўйинларни аниқлаш қўмитаси исботлаганди.

Манба: Tribuna.UZ