АҚШ президенти Барак Обама 16 июнда Орландога ташриф буюриб, у ерда тунги клубда содир этилган теракт қурбонлари яқинлари ва бу фожиада омон қолганлар билан учрашди. Обама террорчига қарши операцияда иштирок этган полиция ходимлари билан ҳам суҳбатлашди. 

Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Эрик Шульцнинг журналистларга маълум қилишича, президент қурбонлар оилаларига шахсан ўзи ҳамдардлик билдирмоқчи ва америкаликлар фожиа содир бўлган Флорида аҳолиси билан "елкама-елка туришини" кўрсатмоқчи бўлган. "Бу учрашувлар маълум сабабларга кўра телекамераларсиз ўтазилди", деб қўшимча қилди Шульц.

Обамага сафарида вице-президент Жозеф Байден, Флорида штати сенаторлари ва конгрессменлари ҳамроҳлик қилди. Обамани аэропортда кутиб олган штат губернатори Рик Скотт ва шаҳар мэри Бадди Дайер унга "Биз Орландо билан биргамиз" деган ёзуви бўлган футболка тьақдим қилишган. Обаманинг қурбонлар яқинлари билан учрашуви "Орландо мэжик" баскетбол жамоаси ўз ўйинларини ўтказадиган спорт саройида бўлиб ўтган.

12 июнда 29 ёшли Омар Матин "Pulse" тунги клубида отишма содир этган. Оқибатда 49 киши ҳалок бўлган, 53 киши яраланган. Босқинчи полиция томонидан йўқ қилинган. ФҚБ маълумотларига кўра, террорчи "экстремистик тарғибот таъсири остида бўлган" ва ИШИДга рўйхушлик билдирган.