БМТ бош котиби Пан Ги Муннинг вакили Стефан Дюжаррик бош котиб Украина вакилларининг норозилигига қарамасдан, Россиянинг халқаро муаммоларни ҳал қилишдаги муҳим ролини инкор этишни режалаштирмаётганини маълум қилди. Бу ҳақда БМТ сайтида маълум қилинди.

"Бош котиб бирор гап айтганда, кўпинча одамлар унга изоҳ беради ёки танқид қилади. Мен ҳаммани нутқнинг тўлиқ матнини ўқиб чиқишларига чақираман, бироқ билдирилган танқидни таҳлил ёки танқид қилмоқчи эмасман", деб айтди Дюжаррик.

Дюжаррик Россия БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида "бошқа жиддий халқаро муаммоларга муносабат билдириш"да ҳал қилувчи ролга эгалигини айтди ва БМТ бош котиби "айтганидан қайтмаслигини" қўшимча қилди.

Аввалроқ Пан Ги Мун Европа нотўғри йўналишда кетаётганини айтганди, унинг фикрича янги деворлар қуриш ўрнига алоқаларни мустаҳкамлаш лозим.