Интернет тармоғида Bulkin лақаби остида машҳур бўлган 20 ёшли блогер Александр Шабанов 7 миллион рубль қийматга эга қизил рангли Porsche 911 Carrera S спорткарини қўлга киритди. Бу ҳақида PlayGround маълум қилди. 

Блогернинг сўзларига кўра, у ўйин стримлари, Counter-Strike ва GTA ўйин жараёнларини веб-камерага олиш ва бу роликларни ўзининг YouTube-каналига қўйиш орқали пул топади. Шабанов роликлар намойиши ва Twitch стрим сервисидан келадиган даромадлар унга автомобилга пул йиғиш ва яшаш учун қулай шароит яратишга имкон берганини таъкидлади.

Porsche хариди ҳақидаги видео тагида қолдирилган изоҳларда Шабанов қариндошларидан ҳеч бири на бундай ижтимоий мавқега ва на салмоқли пул ресурсларига эга эмаслигини маълум қилди.

2015 йилнинг октябрида Forbes журнали YouTube'нинг энг юқори даромад олувчи видеоблогерлари рўйхатини эълон қилган. Унга кўра, 1-ўринни швед миллатига мансуб PewDiePie лақаби билан танилган Феликс Чельберг эгаллаган, у бир йилда 12 миллион доллар пул ишлаган. Чельбергнинг каналига деярли 40 миллион фойдаланувчи аъзо бўлган.