УЕФА томонидан тан олинишича, Франциядаги Европа чемпионати ўйинларини қабул қилаётган баъзи стадионларда чим сифати аъло даражада эмас. Бу ҳақда журналистларга ташкилотнинг маросимлар бўйича ижрочи директори Мартин Каллен маълум қилган.

Европа чемпионати ўйинлари Франциянинг Париж, Сен-Дени, Лилль, Ланс, Марсель, Ницца, Тулуза, Бордо, Сент-Этьен ва Лион шаҳарларидаги стадионларда ўтказилмоқда.

"Биз стадионлардаги чимлар ҳолатида тўла даражада қониқиш ҳосил қилмадик. Биринчи навбатда Марсель, Лилль ва Сен-Денидагиларидан. Бундай даражадаги турнирларда майдон чими ҳолати жуда яхши бўлиши керак эди", деган Каллен.

У бунга сабаб сифатида стадионларнинг кўпмақсадли эканини келтириб ўтган. Қайд этилишича, турнирни қабул қилаётган 9та стадиондан иккитасида, Париждаги ва Лансдаги стадионларда фақат футбол ўйинлари ўтказилади. Қолган стадионлар эса бошқа маросимлар учун ҳам фойдаланилиб келинган. Бу эса чим сифатига таъсир кўрсатган.

"Шунингдек, стадионлар қурилиши вақтида майдон бўйлаб шамол керакли даражада эсиши ҳамда майсалар қуёш нуридан етарлича баҳраманд бўлиши етарли даражада таъминланмаган", деган у.

Калленнинг айтишича, УЕФА стадионлардан бири 2008 йили Базелда бўлгани каби турнир давомида алмаштирилиши мумкинлигини истисно қилмаган.

"Бу катта таваккал бўларди. Бу қарорни қабул қилиш учун барча жиҳатларни ўрганиб чиқиш керак. Балки чим ҳолати яхшиланар? Газон чими гилам каби шунчаки ётмаслиги керак", дея қайд этган у.

Европа чемпионати 10 июлга қадар давом этади.

Манба: Tribuna.uz