24 июль куни Ўзбекистон ҳамда Ироқ миллий терма жамоалари Тошкентда халқаро ўртоқлик ўйини ўтказади. Бу ўйинга эътибор шунчалик каттаки, ҳаттоки Европанинг етакчи телеканалларидан бири Eurosport ҳозирдан ўйинни реклама қилишни бошлади.

"24 июль куни кеч соат 00:00да Eurosport'да Ўзбекистон ҳамда Ироқ терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик ўйинини ўтказиб юборманг. Ким кучли: Самвел Бабаянми ёки Абдул Ғани Шаҳадми?", деб ёзади телеканалнинг интернет сайти.

Эслатиб ўтамиз, бу Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Самвел Бабаян бошчилигидаги Тошкентдаги илк ўртоқлик ўйини бўлади.

Ўзбекистон терма жамоасининг аввал Қирғизистон, кейин эса Экваториал Гвинея билан 2 июнь кунига белгиланган ўртоқлик учрашуви турли сабабларга кўра бекор қилинганди. Шундан кейин терма жамоа якунда Олий Лига легионерларига қарши баҳс олиб борди. Ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган беллашувда 2:2 ҳисоби қайд этилганди.

Маълумот учун, ҳозиргача Ўзбекистон футбол федерацияси расмий сайтида ушбу ўйин ҳақида ҳеч қандай маълумот чоп этилмаган.

МанбаTribuna.Uz