Буюк Британия парламенти депутати Жо Кокснинг жонига суиқасд қилишда гумон қилинаётган 52 ёшли Томас Мейр руҳий жиҳатдан носоғлом бўлиб чиқди. Бу ҳақида The Daily Mail маълум қилди.

Тергов давомида гумон қилинаётган шахс "ижтимоий изоляция"дан қийналганини айтган, бу узоқ давом этган руҳий касаллик натижасида юзага келган ҳолат. 

Манбанинг хабар беришича, Томас Мейр махсус мактабларнинг бирида кўнгилли сифатида хизмат қилган. 

Мейрнинг дўстларининг айтишича, у сиёсатга, хусусан, Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқишига доир референдумга умуман қизиқмаган. 

Гумон қилинаётган шахснинг акаси Томаснинг руҳий ҳолатида муаммолар борлигини тасдиқлади. 

Буюк Британияда Ғарбий Йоркширдаги Берстолл шаҳрига ташриф буюрган 41 ёшли лейборист депутат Жо Кокснинг жонига суиқасд қилинди. Маҳаллий кутубхона олдида фуқаролар билан суҳбат қураётган Кокс ва икки эркак орасида низо кўтарилди. Бунинг натижасида улардан бири тўппончасини олиб, унга қарата ўқ узди. Шунингдек, Коксга пичоқ ҳам урилган.

Кейинчалик парламентарийнинг ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар қилинди.

Лейборист Жо Кокс Буюк Британиянинг ЕИда қолиши тарафдори эди. Мейр эса Brexit тарафдори экани айтилмоқда. Бу қотиллик мамлакатнинг ЕИдан бўйича референдумга 1 ҳафта қолганида рўй берди.

Қотилликдан сўнг референдум арафасидаги тарғибот кампаниялари тўхтатиб қўйилган.