АҚШ Сенатининг қуролли кучлар бўйича қўмитаси раиси, республикачи Жон Маккейннинг баёнот беришича, мамлакат президенти Барак Обама Орландодаги тунгги клубда содир этилган қўпорувчилик учун жавобгардир. 

«Ушбу жиноятда Барак Обама жавобгардир, чунки у Америка ҳарбийларини Ироқдан олиб чиққанида, «Ал-Қоида» Сурияга йўл олди ва у ерда ИШИДга айланди.  Ва ИШИД Обаманинг ўйламай қабул қилган қарори ҳамда агар америкаликлар кетса, можаролар барҳам топади, деган фикри сабаб  ҳозиргидек таҳдидли тус олди. Шундай экан, масъулият президент ва унинг муваффақиятсиз сиёсатидадир», — дея Маккейн сўзларини келтиради ТАСС агентлиги.

Эслатиб ўтамиз, 12 июнь куни пистолет ва автоматик милтиқ билан қуролланган 29 ёшли эркак, Орландодаги ноанъанавий жинсий қарашларга эга кишиларнинг тунгги клубида тартибсиз ўт очган. Бунинг оқибатида 49 киши ҳалок бўлган, 50га яқин инсон яраланган эди.