Д.Саломова ўғлининг тоби қочганлигидан хавотирланиб шифокор кўригига олиб борди. Кейин унинг тавсияси билан ўғлини сил касалликлари диспансерига ётқизди. Фарзандининг тузала бошлаганини кўрган она кўнглида шифокорларга нисбатан миннатдорчилик туйғуларини ҳис этиб, диспансер шифокори Н.Аллаёровнинг ҳузурига йўл олди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” ёзмоқда. 

Бироқ шифокор ҳузурига хурсанд ҳолда келган она у ердан тушкун кайфиятда чиқди. Миясида унинг сўзлари чарх урарди: “Ўғлингизга қўшимча ётоқ жойи қилиб бердим. Бунинг учун эвазига 400 минг сўм берасиз...”.

Топганини дори дармонга сарфлаб келаётган аёл учун бунча пулни топишнинг имкони йўқ эди. Бир томондан, “Бир иложини қиларман, пулни топиб бераман. Ҳар ҳолда ўғлим соғаймоқда-ку!”, деган фикрга борса бўлса, иккинчи томондан, таъмагир шифокорнинг устидан тегишли органларга мурожаат қилишни истарди.
Д.Саломова ўйлаб-ўйлаб, бир қарорга келди ва порахўр шифокорга нисбатан қонуний чора кўришларини сўраб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилди.

Аёл келишилган вақтда Н.Аллаёров билан учрашди. Тезкор тадбирда шифокор 400 минг сўм пулни пора тариқасида олаётган вақтда далил билан қўлга олинди. Шу тариқа нафси ҳакалак отган шифокор қилмишига яраша жазога тортилди.