Енгил атлетика федерациялари халқаро кенгаши (IIAF) Венадаги йиғилишдан кейин Бутунроссия енгил атлетика федерациясининг ташкилотдаги аъзолигини тикламасликка қарор қилди. Бу эса россиялик енгил атлетикачилар Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтадиган 31 Ёзги Олимпия ўйинларида иштирок эта олмасликларини англатади.

Ушбу масала бўйича овоз беришда ташкилотнинг 27 та аъзосидан 24 таси иштирок этди, чунки Россия вакили Михаил Бутов унда иштирок этишдан бош тортди, Кения вакили коррупцион схемаларга алоқадорликда гумон қилиниб унга қўйилмади, Саудия Арабистони вакили шахсий сабабларга кўра иштирок эта олмади.

Россиянинг қолган терма жамоаларининг Олимпиадада иштирок этиши бўйича қарор 21 июнда Лозаннада Халқаро Олимпия қўмитаси йиғилишида қабул қилинади.

Овоз беришгача бир неча кун аввал Бутунжаҳон аксилдопинг агентлиги россиялик спортчиларда допинг-синовлар билан боғлиқ фирибгарликлар ва 736 та допинг-текширувнинг барбод қилиниши сўзланган ҳисоботни чоп этди.

Россия терма жамоаси май ойида Москва аксилдопинг лабораторияси собиқ раҳбари Григорий Родченков The New York Times газетасига берган интервьюсида унинг шахсан ўзи 3 нафар россиялик спортчига "допинг коктейль" тайёрлаганини айтгандан кейин Олимпиададан оғзаки четлатилганди.

Аввалроқ ХОҚ президенти Томас Бах Россияда "ташкиллаштирилган ва ялпи допинг тизими" мавжудлиги ҳақидаги маълумот тасдиқланса, Россия терма жамоаси Олимпиададан четлатилиши мумкинлигини айтганди.

Ўшанда Россия спорт вазири Виталий Мутко "энг ёмон сценарий" юз бериши, яъни Россия терма жамоаси сайёрамизнинг 4 йилликдаги бош мусобақаларини ўтказиб юбориши мумкинлигини айтганди, бироқ Россияда тизимли равишда допинг қўлланиши ҳақидаги айбловни инкор қилганди.