Ернинг ҳосилдорлигини қайта тиклаш ва яхшилаш мақсадида томорқа маданиятида алмашлаб экиш амалиёти  муҳим аҳамият касб этади. Аксарият ҳолларда бир оилага мансуб ўсимликлар муайян турдаги зараркунандалар ва касалликлардан азият чекади, шу боис турфа хил оилага мансуб ўсимликларни навбатма навбат етиштириш алмашлаб экиш маданиятининг устувор тамойилларидан саналади.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлигининг Фарғона вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда 2016 1ил 16 июнь куни Олтиариқ туманида ташкил этилган семинарда ердан унумли фойдаланишнинг инновацион услубларини оммалаштириш ва ғалладан бўшаган ерларда бошқа турдаги экинларни етиштириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар берилди. Семинар иштирокчилар учун самара кўрсатиши мақсадида бевосита  экин майдонида ўтказилди.   

Мутахассислар қайд этишича, қишлоқ хўжалиги соҳасида такрорий ва ўзгармас экинларда ҳосилдорликнинг пасайишига турли хил касалликлар, зараркунандалар ва ҳашаротлар сабаб бўлади. Алмашлаб экиш маданияти эса экин етиштириш технологияси ҳамда биологик хусусиятлар билан тубдан фарқланиб, юқоридаги сабаблар бу жараёнда бартараф этилади. Бундан ташқари семинар давомида фермерларга қишлоқ хўжалиги маданиятида яратилган янги навлар ҳамда уларни етиштиришга ёрдам берувчи замонавий ўғитлар намойиш этилди. 

Семинарда иштирок этган фермерлар экин майдонларидан такрорий фойдаланилиши ҳамда минерал ўғитлар ва нефть маҳсулотлари хариди давомида фермерлар учун яратилган имтиёзларнинг мақсадли қўлланилишини мониторинг қилувчи тизимнинг самарадорлиги юзасидан фикр алмашишди. Шунингдек, маҳсулотларни ички ва ташқи бозорга экпорт қилишни агрофирмалар орқали амалга ошириш имконияти иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди. 

Бевосита экин майдонида ўтказилган семинар давомида иштирокчилар такрорий экиш маданиятида самарали қўлланиладиган техника, минерал ўғитлар ва уруғлар намуналари билан яқиндан танишишди.