АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер апрель-май ойларида бўлиб ўтган «Пентагонни буз» лойиҳаси натижаларини эълон қилди.

Унга кўра, 1,4 минг хакер Америка мудофаа вазирлиги очиқ тармоқлари, хусусан, унинг асосий сайти - defense.gov нинг камчиликларини аниқлаш лойиҳасида иштирок этган. Картернинг сўзларига кўра, қатнашчиларнинг 250 нафари ҳеч бўлмаганда битта баг хусусида маълум қилган. 

Пентагон тизимида топилган 138та нуқсон мукофотга арзийди, деб баҳоланган. Шунга кўра, танловда иштирок этган хакерларга, бажарган ишларининг ҳажмига кўра, 100 доллардан 15 минг долларгача мукофот берилган. Картернинг қайд этишича, дастурга сарф этилган 150 минг доллар кичик маблағ эмас, аммо айни ишни расмий пудратчи бажарганида камида 1 млн долларга айланарди.