4 нафар хитойлик кўнгилли 180 кунни ташқи дунёдан узиб қўйилган фазовий капсула ичида ўтказади. "Синьхуа" агентлигининг хабарига кўра, ушбу тажрибадан кўзланган мақсад, узоқ муддатли масофаларга парвозларни амалга ошириш технологияларини кўздан кечириш ва инсон имкониятларини баҳолашдан иборатдир. 

Жамоа таркибига, 3 эркак ва бир аёл кирган бўлиб, улар 2 мингдан ортиқ номзод орасидан танлаб олинган. Уларнинг икки нафари Хитой фазогирлар маркази мутахассислари, қолган иккисининг фазога учишда ҳеч қандай тажрибаси йўқ. 

Фазовий мослама ХХР жанубидаги Шэньчжэнь шаҳрида жойлашган бўлиб, унинг ҳажми 1340 кубметрни ташкил этади. Унинг ички иншоотлари майдони - 370 квадрат метрдир. 

Мутахассислар, капсулага Хитойнинг "Шэньчжоу" космик кемаларида қўлланиладиган ҳаётни таъминлаш тизимларини ўрнатишган. Кўнгиллилар учун керак бўлган кислород ва сув айланиб туради. Ўзларини таом билан таъминлаш мақсадида фазогирлар 25 турдаги ўсимликни етиштира олишади. Хусусан, буғдой, картошка, батат, соя, ерёнғоқ, салат барги, хитой карами, помидорлар ва ҳатто қулупнай ва гилос ҳам етиштиришлари мумкин. 

Капсула ташқарисидаги тадқиқотчилар эса, тажриба қатнашчиларининг ҳаётини диққат билан кузатишади. Уларнинг руҳий ҳолати ва биоритмлари ўрганилади.