Хорватия президенти Колинда Грабар-Китарович Европа чемпионати гуруҳ босқичи доирасидаги Чехияга қарши ўйин давомида ўзини ёмон тутган мухлисларни халқ душманлари деб атади.

"Жамоага қойилман. Сиз, халқ душманлари эса қилган ишларингиз учун жавоб берасиз. Балли, хорватиялик мухлислар! Шармандалар",- деб ёзади мамлакат президенти Facebook'даги саҳифасида.

Эслатиб ўтамиз, 2:2 ҳисобида якунланган ўйин давомида хорватиялик мухлислар стадионга ёнувчи жисмлар улоқтиришганди.

Шунингдек, бу воқеага терма жамоанинг бир қатор футболчилари муносабат биладирган. Хусусан, Ракитич мухлисларнинг тартибсизлиги туфайли Хорватия термаси Евро–2016 дан четлатилиши мумкинлигини истисно этмаяпти.

"Кўрамиз, Испанияга қарши ўйнай оламизми, йўқми. Балки, уйга кетишимизга тўғри келар", – деган Ракитич.

Хорватия термасининг бошқа бир футболчиси Иван Перишич ҳам бу борада қуйидагича фикр билдирди: 

"Бундай воқеа бўлганидан кўра, биз бу ерга келмаганимиз яхши эди".

"Бир нима дейишга тил ожиз. Бундай ҳолатлар такрор ва такрор бўлмоқда", – дея афсусини билдирган Хорватия термаси сардори Дарио Срна.

Хорватия терма жамоаси собиқ бош мураббийи Славен Билич ҳам ўз фикрларини билдириб ўтган.

"Хорватияда "Хайдук" ва "Динамо" ўртасидаги катта дерби бўладиган куни, ота-оналар стадионга фарзандлари билан келишни хоҳламайдилар. Улар бу муаммо бўлишини олдиндан билишади. Дарио Срна трибуналардаги бундай тартибсизликлардан чарчаганини айтди", деган у.

Бироз олдинроқ, Европа футбол уюшмалари иттифоқи (УЕФА) Хорватия футбол иттифоқига нисбатан интизомий иш очди.

Манба: Tribuna.UZ