Ҳиндистон ҳарбий ҳаво кучлари тарихида биринчи марта жанговар қирувчи самолётларни аёл-учувчилар бошқаришига ишонч билдирилди. 18 июнь куни - учувчилар тайёрлаш академиясининг 3 нафар битирувчиси мамлакат ҲҲК учувчилар таркибига қабул қилинган.

Қизларнинг ҳар бири 150 соатдан парвоз қилиб, биринчи босқични муваффақият билан тамомлаган. Эндиликда, офицерлик тасмаларини олган учувчи қизлар ярим йил мобайнида "Хоук" AJT (Advanced Jet Trainers Hawk) ўқув самолётларида ўз тажриба ва кўникмаларини такомиллаштиради. Шундан сўнг, ҳарбий самолётларни қабул қилиб, мавжуд эскадрильялар ихтиёрига юборилади.

Ҳиндистон мудофаа вазирлиги расман 2015 йилдан аёл ҳарбий хизматчиларга қирувчи самолётларни бошқаришга рухсат берган эди. 

Мамлакат ҲҲК бош қўмондони Аруп Раха, аёлларни ўқув курсини тамомлагани билан табриклар экан, гўзал "заифа" бўлганликлари учун уларнинг боши силанмаслиги, балки ҳамма қатори талаб қилинишидан огоҳлантирган. 

Қайд этилишича, ҳинд аёллари 2010 йилдан бошлаб, мамлакат пиёда қўшинлари ва ҲҲК таркибида хизмат қилиш ҳуқуқини қўлга киритган эди. Бугунги кунда, Ҳиндистон ҲҲКлари таркибида 1,5 минг аёл хизмат қилиб, уларнинг 94 нафари учувчилардир. Аммо, шу пайтга қадар, аёлларга қирувчи самолётлар ишонилмаган эди.