17 июнь куни Канаданинг Calgary Herald нашрида журналист Жон Гилкристнинг Калгари шаҳридаги биринчи ўзбек ресторани ва ундаги таомлар ҳақида қизиқарли мақоласи чоп этилди.

"Бегим" номли ресторандаги таомларнинг номланиши ажойиб - "Ток оши", "Чучвара", "Фунчоса", "Маржимак2 ва "Ачичук" - бу номлар калгариликлар учун нотаниш. Бунинг боиси биз ҳеч қачон ўзбек ресторанини кўрмаганлигимизда", - деб бошланади мақола.

"Агар сиз Калгаридаги тахминан 20тача ўзбек оиласи билан бирга тушлик қилиш бахтига эга бўлмаган ёки Ўзбекистонга бормаган бўлсангиз, у ҳолда сиз "Чалоп" ва "Ҳолвайтар" ҳақида ҳеч нимани билмасангиз керак", деб давом этади муаллиф. 

Шунингдек, ўзбек ошхонасининг ўзига хослиги, унинг Марказий Осиё таомлар коллекцияси эканлиги ҳамда атроф-муҳитдаги хитой, ҳинд, форс ва Яқин Шарқ маданиятларининг таъсири таомларда ҳам ўз аксини топганлиги таъкидланган.  

Муаллиф Самарқанд ва Тошкентнинг Ипак йўлидаги савдо йўналишларида машҳур шаҳарлар эканини ёдга олиб, ўзбек миллий таомларига алоҳида тўхталиб ўтган.

Ўзбек ошхонасининг фахри бўлган палов, кабоб ва сомсалар ҳақида ҳам сўз юритилган.

Мақолада ўзбекистонлик Маджоновлар оиласининг бир неча йиллар аввал Канадага боргани ва у ерда ўз таомларига ёғилган мақтовлар натижасида шахсий ресторан очишга қарор қилишгани таъкидланган.

"Оила аъзоларининг ҳар бири ошхонада ўз ҳиссасини қўшади - Комил ота кабоб ва паловни қойиллатади, унинг аёли Мастура суюқ таомлар ва ширинликларни тайёрлайди, уларнинг қизи Нигора десертларни ижод қилади, Нодир эса салатларни ҳозирлайди. Бу уларнинг биринчи ресторани, улар калгариликларнинг ўзбек ошхонасига шунчалик қизиқиб қолганидан ҳайратга тушишди", - дейди муаллиф. 

У ўзбек ошхонасидаги ўзига хос нозик жиҳатларга ҳам аҳамият берганилиги кўриниб турибди. Зираворлар ҳақида алоҳида сўз юритилган ва кабоблар мол, қўй ва товуқ гўштидан тайёрланишига эътибор қаратган. "Бегим" ресторанида чўчқа гўшти ва спиртли ичимликлар йўқ, чунки Маджоновлар мусулмон оила бўлиб, улар фақат ҳалол гўшт ишлатишади", дейилган мақолада. 

Муаллиф ўзининг рус дўстларига бу ресторан ҳақида айтганлиги ва бундан уларнинг хурсандчилиги чексиз бўлгани ҳамда дўстлари "ўзбек таомлари Марказий Осиёдаги энг яхши таомлар" деб ҳисоблашларини алоҳида таъкидлаган.