— Отажон, илтимос, йиғламанг. Манави пулларни олиб қўйинг, — дея ҳамёнимдан бир даста пул олиб, отамга узатдим.

— Болам, мен ноинсоф отангни кечир. Кечир қизим, — дея отам елкалари силкиниб-силкиниб йиғларди.

Ота-бола зўрға хайрлашиб, ортимга қайтдим.  Шу пайт амакимнинг турмуш ўртоғи аёлнинг шанғиллагани қулоғимга чалинди:

— Ҳа, нимага келибди? Пул сўраб келгандир-да гадойваччаларингиз!

Ортимга қайрилдим.

— Ундай деманг. Мана, қизим менга шунча пул ташлаб кетди. У пулга муҳтож эмас. Манг, олақолинг! — дея отам бечора қўлларидаги пулларни унга узатди. У бўлса пулларни олди-да отамни масхара қилгандек бошидан сочиб, ҳовлига кириб кетди.

Отам бўлса ерга чўк тушганича қўлини мушт қилиб ерга уриб йиғларди.

 Отам яхшигина бир идорада ишларди. Бундан ташқари қўли гул уста эди. Одамларга эшик-ром, дарвозалар ясаб берарди. “Илоё ичкиликни чиқарганни уйи куйсин”, деб қарғанарди аям. Чунки отам ичкиликка берилдию уйимиздан файз-барака ариди. Ана шу ичкиликнинг ортидан отам ишхонасидан ҳам бир неча бор танбеҳ эшитди. Аммо бундан тўғри хулоса чиқармади. Уйга келиб аям билан жанжаллашадиган одат чиқарди:

— Ишхонадаги ғаламислар мени кўролмаяпти. Ичсам ўзимнинг пулимга ичаманда. Биронтаси олиб бермаса? Нимага ҳадеб гапиришаверади!

— Илтимос отаси, ичманг! Афту-ангорингизга бир қаранг! Кимларга ўхшаб қолдингиз!

— Сен жим бўл! Мен ҳали уларга кўрсатиб қўяман, кимлигимни!

Афсуски аямнинг барча саъй-ҳаракатлари бекор кетарди. Отам ишдан ҳайдалди. Анча вақтгача уйдан кўчага чиқолмай ўтирди.  Гоҳида аямга бақирадиган одат чиқарди:

— Пул топиб бер! Бекитиб қўйганларингдан чиқар! Ичгим келяпти!

— Ҳой, отаси, бақирманг! Уят бўлади-я. Биров эшитмасин, — дерди аям бечора атрофга олазарак қараб.

Ётиб еганга тоғ ҳам чидамайди, деганларидек, аям қора кунга деб олиб қўйган пуллар ҳам тугади. Отам эса бирор жойга бориб ишлашни хаёлига ҳам келтирмасди. Ҳатто дурадгорчилик ҳам қилмай қўйди. Шунинг учун қўлига илинган буюмни олиб, сотиб ичадиган, жанжал чиқарадиган одат чиқарди. Гоҳида отам аямни роса калтаклардилар. Биз аямга ёрдам беролмасдан ҳўнг-ҳўнг йиғлардик. Аям бечоранинг кўкармаган жойи қолмади.

Бир кун жанжал бўлган жойдан қирқ кун барака кўтарилади, деган гап рост экан. Нима еб, нима ичганимизни билмай қолдик. Биз энди уйимизда тинчлик бўлишини истаб қолдик. Чунки меҳрибон аяжонимнинг кўзларида ёш кўриш биз учун азоб эди. Аямни қандай овутишни ҳам билмасдик. Мурғаккина қалбимизда отамизга қарши исён бор эди. Аммо уни қандай қилиб юзага чиқаришни билмасдик.

Кунларнинг бирида бувим бизникига меҳмонга келди. Ўша куни ҳам отам ҳар галгидек ичиб келиб, аямни куракда турмайдиган сўзлар билан роса сўкди. Бувим куёвининг ҳақоратларига чидай олмай, уни муросага чақирмоқчи бўлди:

— Болам, сал оғзингизга қараб гапиринг. Қизим қандай айб иш қилди? Уруш-жанжал билан оилани мустаҳкамлаб бўлмайди.

— Насиҳатингизни болаларингизга қиласиз! Агар қизингиз керак бўлса, олиб кетаверинг! Жонимга тегиб кетди! Мен ёлғиз қолишни хоҳлайман! —дея отам бувимга ўшқирди.

Бувимнинг дили оғриди. Бошини сарак-сарак қилганича уйга кирди ва аямга деди:

— Бунинг одам бўлмайди чоғи. Кел, уни бир пас тинч қўй. Набираларимни кийинтир, керакли нарсаларингни олвол. Мен тирик эканман, сени ҳеч кимга хўрлатиб қўймайман. Тор қорнимга сиққан, кенг ҳовлимга сиғмайсанми?

— Она, ахир болаларим тирик етим бўлиб қоладими?

— Бу алфозда яшагандан кўра, тирик етим бўлгани маъқул. Болаларингни аҳволига қара! Бечоралар озиб-тузиб кетибди-ку! Отасининг бақиришидан чўчиб, тум-тарақай қочишаяпди бечоралар. Раҳминг келмайдими уларга! Яхшиси бундай яшашдан воз кеч. Қачонки эринга инсоф битиб, ўзи сени ялиниб олиб келса шундагина бу ерга келасан. Гапни кўпайтирмасдан, ҳамманг олдимга туш!

Аям истар-истамас бизнинг зарур бўлган кийимларимизни сумкаларга жойлаштирди. Бизни ҳам апил-тапил кийинтирди. Кейин уйимиздан чиқиб кетдик. Мени ўша атрофдаги мактабга, укамни эса боғчага жойлаштиришди. Бувим билан аям тикувчилик қилиб  пул топа бошлашди. Отам эса биздан умуман хабар ҳам олмади.

Кунларнинг бирида аям бувимга айтмасдан уйимизга борибди. Отам аллақачон уйимизни сотиб, пойтахтда яшайдиган акасиникига кўчиб кетибди. Чунки уй амакимнинг номида эди. Шундай қилиб биз отасиз қолдик. Бироқ байрамларда, туғилган кунларимизда эшикка тикилиб, отамизни кутардик. Бизга совғаси керак эмас, ўзи келса бўлгани эди. Афсуски бу кутишлар анча йиллар давом этди. Аям ҳам бизга сездирмасдан отамизни кутар, кечалари йиғлаб чиқарди.

Бир куни укам Маъмур йиғлаб келди. Аям уни қучиб сўради:

— Қани мени полвоним, нима бўлди? Ким хафа қилди?

— Анави Дагар “Сени отанг йўқ, етимсан” деди. Қолган болалар устимдан кулишди.  Мен унга “Отам узоққа, ишлагани кетган. Менга вилосипед олиб келади” десам, Дагар “Отанг сенларни ташлаб кетган. Ҳеч қачон вилосипед олиб келмайди. Тушингни бориб сувга айт” деди. Энди мен улар билан ўйнамайман, — дедим ҳиқиллаб.

— Йиғлама, болам. Улар билан энди ўйнама! Ана опанг билан ўйнагин.

— Аяжон, ростини айтинг, мени отам бор-а! Узоққа кетган-а? Бир куни келади-я?

— Албатта, келади, ўғлим. Сени отанг ҳамманикидан яхши. Ҳозир иши кўп. Сен яхши, ақлли бола бўлиб юрсанг, сенга вилосипед олиб келади. Ўшанда жўраларинг уялиб қолишади.

Маъмур хонасига кириб кетиб, ўзини кроватчасига отиб йиғлади. Чунки у ҳам, аям ҳам отамизни соғингандик. Аям бўлса ўша куни карахт аҳволга тушиб қолди. Эртаси куни эса касал бўлиб ётиб қолди. Бувим аямнинг иссиғини тушириш учун докани муздек сувга ботириб пешонасига қўярди.

— Онажон, агар менга бирор кор-ҳол бўлса, куёвингиз келса, набираларингизни унга бериб юборинг. Уларни ота меҳридан мосуво қилманг.

— Гапларингни шамол учириб кетсин! Ўзи нималар деб валдираяпсан! Ҳали тузалиб кетасан. Болаларингни ҳам ўзинг катта қиласан! Набираларимга номард отаси керак эмас! Ҳали кўп яшайсан!

— Онажон, илтимос куёвингизни уришманг, қарғаманг.

— Қани ўша бетайин остонамга бир келиб кўрсин-чи! Норасида болаларини ташлаб кетган ота — ота бўлармиди? Илоё уни невараларимнинг кўз ёшларини уволи тутсин. Уйланган бўлса, бошқа фарзанд кўрмай, тирноққа зор ўтсин!

— Онажон, ундай деманг. Ахир у ҳам бировнинг жондан азиз кўрган боласи. Бир хато қилди-да. Уни кечиринг. Болаларим отасиз ўксинмасин дейман-да.

— Гапни кўпайтирмасдан манави дори билан қайнаган сувни ич. Бир терласанг, яхши бўлиб кетасан, —дея бувим менга юзланди. —Биби! Докани ол. Сувга солиб, сувини сиқиб, аянгнинг пешанасига қўйиб тур. Мен ҳозир келаман, —дея хонадан чиқиб кетди.

Аяжоним бўлса мени бағрига босиб, қўнғироқ сочларимни сийпалаб деди:

— Мени ақлли қизим. Отанг ҳеч қачон ёмон одам бўлмаган. У сизларни жудаям яхши кўрарди, меҳрибон эди. Омад ундан юз ўгириб ишсиз қолди. Аламини ичкиликдан олди. Агар отанг қайтиб келса, ундан сираям юз ўгирманглар. Отангга яхши муомилада бўлинглар.

— Биламан, аяжон. Айтганингиздек қиламан, сираям хавотирланманг. Мен ҳам, укам ҳам отамни соғиндик. Тезроқ келса яхши бўларди. Сиз ҳам қиналиб кетдиниз.

Шу пайт бувим патнос кўтариб эшикдан кириб келди. Аямга мажбурлаб иссиқ-иссиқ чой ва овқат ичкизди. Биз эса аямнинг атрофида парвона бўлиб, чарчаб ухлаб қолдик.

Аяжоним, уч кун деганда оёққа турди. Дарҳол тикув машинасига ўтириб менга чиройли, капалакчали куйлак тикиб берди. Ўша куни уйимизда хурсандчилик бўлди.

Орадан йиллар ўтди. Биз ҳам улғайдик. Отамизни қайтиб келмаслигини ҳам фаҳмлаб етдик. Бироқ аям ҳамон отамни кутарди. Маҳалламиздан бирортаси Тошкентга борибди, деб эшитса дарҳол унинг ёнига бориб отамни суриштирарди. Гоҳида хонасига кирволиб, отамнинг суратига узоқ тикилиб ўтирарди.

 Суянган тоғимиз бўлмиш бувим ҳам вафот этди. Қариси бор уйнинг париси бор, деганлари тўғри экан. Биз фариштамизни йўқотиб қўйдик.

Аям қийналса ҳам биз фарзандларини институтларда ўқитди. Кейин мени узатди, укаларимни уйлантирди, уйли-жойли қилди. Мени турмуш ўртоғим меҳрибонлик уйида тарбиялангани учун у уйимизга ичкуёв бўлиб келди. Аям учаламиз яшай бошладик. Укаларимнинг ҳовлиси алоҳида эди.

Бир куни турмуш ўртоғим билан аям зиёратга отланишди. Мен уларни зиёратга боришига қарши эдим. Чунки ўша куни туш кўргандим. Тушимда бувим “Мен оч қолдим, овқат беринглар”, дея коса кўтариб юрганмиш. Аям билан хўжайнимдан ҳам овқат сўрабди. Вафот этган одамнинг овқат сўраб юриши яхшилик аломати эмасди. Бу бирор хавфдан огоҳлантириш эди. Аммо аям “борамиз” деб туриб олди. Ноилож кўнглим ғаш бўлиб уларни кузатдим. Кечқурун эса шифохонадан қўнғироқ қилишиб, уларни “автоҳалокатга учрабди” деган шумхабарини эшитдим. “Бўлиши мумкин эмас, ёлғон!” дея йиғлайман. Тезда айтилган жойга, шифохонага бордим. Иккаласининг устига ҳам оппоқ чойшаб ёпиб қўйишибди. Дод солиб йиғладим. Бу дунёга сиғмай кетдим.

Эртаси куни уйимиздан қўш тобутни чиқаришди. Уларнинг ортидан   бўзлаб қолдим. Ўзимку отасиз, ота меҳрига тўймай вояга етгандим. Энди бўлса болаларим ҳам менинг аҳволимга тушиб қолишди. Фарзандларимга қараб ич-ичимдан эзилардим. Чунки уларнинг нигоҳи, кўзларидаги мунг менинг дилимни яраларди. Уларга ҳам отасизлик қанчалик қийин эканлигини ҳис қилардим. Сабр қилишдан бошқа иложим йўқ эди. Энди фарзандларимга ҳам ота, ҳам она эдим.

Ўзим мактабда раҳбарман. Иш қизигандан қизиб ётибди. Яхшиямки мана шу ишим бор экан. Сал бўлса-да ғамларим унути лади.

Бир куни уйда ўтириб уйга толдим. “Отамни излаб, топиб, уйимизга олиб келсам-чи”деган фикр ўтди хаёлимдан. Яқин дугонам Сожидага бу фикримни айтдим.

— Аввалроқ қаерда эдинг? Нима шу пайтгача отангни топиш хаёлинга келмади-а? Майли, ҳали ҳам кеч эмас. Отангни топсанг, болаларинг бобоси билан дийдорлашарди, аянгнинг ҳам руҳи тинч бўларди.

— Бир куни вақт ажратиб, Тошкентга бирга бориб келайлик.

— Майли, дугонажон. Сиз билан дунёнинг нариги чеккасига ҳам боришга тайёрман.

Меҳнат таътилига чиққанимдан сўнг дарҳол Сожидага қўнғироқ қилиб, пойтахтга боришимизни келшиб олдик. Сожида айтилган кун меникига етиб келди. Отамнинг акасини манзилини суриштирдик. Синфдошларим манзилини топиб беришди. Эртаси куниёқ йўлга чиқдик.

Сўраб-сўраб Маккани топибди деганларидек, биз ҳам манзил бўйича амакимникини топдик. Унинг уйи икки қаватли қасрга ўхшарди. Баҳайбат темир дарвозанинг қўнғироғини босдим.

— Ким у? — деган овози эшитилди ичкаридан.

Дугонам билан бир-биримизга қараб нима дейишимизни билмай қолдик.

Дарвоза очилиб, ичкаридан пардоз-андоз қилган, чиройли кийиниб олган аёл бизга ажабланиб тикилиб турди.

— Ассалому алайкум, опажон. Узр, безовта қилган бўлсак. Бизга Хондамир ака керак эди. Шу ерда турадими?

— Ҳмм... —деди аёл бизга бошдан-оёқ разм солиб. Хушламайгина. Кейин ҳовли томонга юзланди. — Хондамир, ҳо Хондамир! Сизни сўраб келишибди, чиқинг тезроқ.

Бояги аёл бизни менсимасдан дарвозани қия очиқ қолдирди-да, таманноланиб юриб кетди.

Бироздан сўнг уст-боши юпун, соч-соқоли ўсиб кетан киши олдимизга чиқиб келди-да, бир зум ҳайрон бўлиб қараб қолди.

Юрагим бирдан ҳаприқиб кетди. Бу ўша, бизларни ўттиз йил олдин ташлаб кетган отам эди.

Биз дарҳол салом бердик.

Мен, Бибиман! Танияпсизми? — дедим титраб.

— А? Қайси Биби?

— Водийдаги қизингиз, Бибихонман, ота. Сизни кўргани, меҳринизга туйгани келдим.

— Болам, сенмисан-а, қизим, — дея отам мени бағрига босиб, йиғлаб юборди.

Ота-бола йиғлаб кўришдик. Сожида ҳам бир четда дастрўмолча билан кўз ёшларини артиб турарди.

— Уйга киринглар, қизларим, қани, ичкарига, —дея отам дарвозани каттароқ очиб йўл бошлади. Ортидан унга эргашдик. Отам бизларни ҳовлининг бир чеккасидаги сўрига ўтиришга таклиф қилди. Ҳаммамиз ўтиргач, отам ўша ердаги хоналардан бирига қараб бақирди:

— Ҳой, меҳмон келди! Тезроқ дастурхон ёзинглар!

Отам бизни кўрганидан хурсанд эди. Бироздан сўнг бир қўлида дастурхон, бир қўлида патнос тутганича ёшгина аёл ҳойнаҳой уй хизматчиси бўлса керак, ёнимизга келиб, хонтахта устига дастурхон ёзди, чой қўйиб бизга узатди.

— Узр, сизни ташвишга қўйдик, — деди дугонам у аёлга.

— Хуш келибсизлар, — дея аёлгина ортига қайтди.

—Отажон, яхши юрибсизми? Тан-жонингиз соғми? —дея ҳол-аҳвол сўрай бошладим.

— Яхшиман, қизим, соғман, — дея секингина кўзларини ерга тикиб гапирди отам.

Шундан сўнг ҳаммамиз сукут ичида қолдик. Ўзим катта бир мактабнинг директори бўлсам-да, шу пайт тилимга бир сўз келмасди. Жуда ўнғайсиз ҳолатга тушиб қолдим. Шунинг учун тезроқ кетишга шошилдим. Отамга уй манзилимизни, телефон рақамларимизни ёзиб бердим. Нимагадир бу ҳовлида ҳаво етишмаётгандек эди. Тезроқ бу ерни тарк этишни истадим. Кўчага чиқдик.

— Отажон, энди ўзингиз, албатта, боринг! Укаларим, невараларингиз сизни росаям соғинишган.

— Қизим, бир пас шошмай тур, — дея отам шоша-пиша ичкарига ёшига хос бўлмаган чаққонлик билан югуриб кириб кетди. Ҳовлидан  бояги аёлнинг норози оҳангда нималарнидир деб тўнғиллагани эшитилди.

Бироздан сўнг отам қўлларида озгина пул билан чиқиб, уни менга узатди-да ёш боладек ҳўнграб йиғлаб юборди.

— Йиғламанг, отажон. Бу ерга сизни кўз ёшингизни кўраман, деб келмадим. Йиғламанг. Менга сизнинг пулларингиз ҳам, мол-дунёнгиз ҳам керак эмас. Худога шукр, ҳаммаси етарли. Бизга сизнинг меҳрингиз керак, отажон. Ундан кўра манавини олиб қўйинг, — дея сумкамдан бир даста пул чиқариб, отамнинг қўлларига тутқаздим. — Бирор камингизга ишлатарсиз.

Отам елкалари силкиниб-силкиниб унсиз йиғларди.

— Отажон, бизникига боринг. Невараларингиз билан таништираман. Улар ҳам бобосини соғинган.

— Майли, қизим, бораман. Фақат, мен ноинсоф, номард отангни кечир.  Акамга ишониб хор бўлдим, болам, хор бўлдим.

Ота-бола зўрға хайрлашдик. Йўлда кетаяпману юрагимнинг бир парчаси шу ерда қолаётгандек. Ортимга қайрилдим. Дарвоза олдида бояги аёл қўлини белига тираб олганича отамга бақирарди:

— Ҳа, берган пулимни менсимадими? Кам эканми? Нимага келибди ўзи гадойваччалар?

— Ундай деманг, кеннойи! Пул керакми сизга, олинг, мана! — дея отам бечора унга мен берган пулларни тутқазди.

У бўлса пулларни отамнинг устидан сочиб, масхара қилиб, дарвозани қарсиллатиб ёпиб қўйди

Бу ҳолатни кўриб чидай олмадим. Югуриб отамнинг ёнига бормоқчи бўлдим. Сожида мени ушлаб қолиб деди.

— Уларнинг низоларига аралашманг. Бироздан сўнг улар келишиб олишади. Отангиз эса барибир орқангиздан сизникига етиб боради. Ҳозир уларни ёлғиз қўйганингиз маҳқул. Ака-ука ўртасига совуқчилик туширманг.

Отам ерга чўкка тушганича мушти билан ерни уриб-уриб йиғларди.

Ортимга қарай-қарай кўзларимда ёш билан уйга қайтдим. Отамнинг ғарибгина ҳолати кўз ўнгимдан сираям кетмасди.

Орадан ўн кунча вақт ўтгач, дарвозамиз кетма-кет тақиллаб қолди. Дарҳол дарвозани очдим. Остонада тўрттагина нон кўтариб олган отам синиққина илжайиб турарди. Кўзларимга ишонмадим. Отамни бунчалар тез етиб келади, деб ўйламовдим ҳам.

— Келишингизни билардим, отажон! — дея меҳмонхонага бошладим.

— Яхши ўтирибсанми, болам. Безовта қилиб қўймадимми? — деди отам қимтинибгина.

— Ундай деманг, отажон. Ахир бу ҳам сизнинг уйингиз. Бувимнинг ҳовлисини сотиб, шу ерга кўчиб келгандик. Сиз ўтира туринг, мен ҳозир набираларингизни бошлаб келаман, — дея ошхона томонга ўтдим.

— Болалар, чиқинглар, бобонгиз келди!

— Ур-ре, бобом келибди, — дея фарзандларим меҳмонхонага қараб югуришди.

Отам келиб, уйимиз нурга тўлгандек бўлди. Аяжонимнинг ҳам руҳлари шод бўлгандир. Ўша кундан сўнг отам Тошкентга қайтиб бормади. Биз билан яшаб қолди. Шу ўринда қуйидаги сатрлар хаёлимдан ўтди:

Дунёнинг бу паллалари топилмайди,

Эшиклари тун-кун очиқ ёпилмайди,

Меҳр асло дўконларда сотилмайди,

Меҳрингизни қизғанманг бир-бирингиздан.

Хонбиби ҲИММАТ қизи