Олесун шаҳрини кўпчилик Норвегиянинг Венецияси дея беъжиз атамайди. Бу маскан кўп йиллардан буён дунёнинг кўплаб сайёҳларини ўзига жалб этиб келмоқда. Атлантика океани соҳилидаги бу ҳудуд ўзининг ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси билан ҳам машҳурдир.

Олесун шаҳри 1904-йилнинг қишида бир кеча-кундуз ичида ёниб кулга айланди. Кўҳна шаҳардаги уйлар асосан ёғоч материалларидан тайёрланганлиги, қолаверса, қайиқлар ва қайиқлар тўхтайдиган жойлар ҳам ёғочдан ишланганлиги ҳам ўз таъсирини кўрсатди. Ўшанда Европа ва Америка қитъасидаги мамлакатлар оғир аҳволда қолган олесунликларга ёрдамга ошиқди. Қўшни Германия ва Швеция мамлакатлари кексалар, аёллар ва болаларни ўз бағрига қабул қила бошлади. Эркаклар эса ёниб кулга айланган шаҳарни қайта тиклаш билан машғул бўлди. Бундан ташқари эркаклар денгизга чиқиб балиқчилик билан шуғулланишди. Балиқни қайта ишлаш комбинати биринчи навбатда қайта тикланди. Чунки бу тармоқ шаҳар ғазнаси даромадини тўлдиради. Бежизга Олесунда балиқчилик музейини ташкил этилмаган. Энди бу шаҳарга клеган одамлар бошқача манзаранинг гувоҳи бўлади. Шаҳар бутунлай ўзгарган. Олесуннинг табиати ҳам жуда гўзал.

Соҳилдан қўл билан узатадиган даражадаги узоқликда баржалар, паромлар ва баҳайбат кемалар ҳаракатланаётганини кўрасиз. Портлар ва саноат корхоналари иши тўхтамайди. Бу ўлка нефтга бой бўлганлиги боис углеводород хом ашёси қазиб чиқариш ҳажми йил сайин кўпайиб бормоқда. Нефть шу ернинг ўзида қайта ишланаётир. Суви жуда тоза. Норвегия меҳмонларига краннинг ўзидан бемалол қўрқмасдан сув ичаверинглар деб тавсия қилишади. Унинг таъми жуда ҳам ширин. Дўконларда сотилаётган шишага солинган сувлардан аъло дейишади. Юстедалсбреен тоғ этакларида музликлар музейи ҳам бунёд этилган.

Норвегия сувини мўъжизага қиёслашади. Бу мамлакатнинг 3 фоиз еригина қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришга мослашган. Миттигина давлат ўз халқини боқибгина қолмай, бошқа мамлакатларга экологик маҳсулотларни экспорт қилмоқда. Айниқса,  Гудбрансдал водийсида боқилаётган эчкининг сутидан тайёрланган пишлоқ дейсизми, қаҳратон совуқда инсон танасини иссиқ тутувчи қўй юнгидан тайёрланган кийимлар дейсизми, буларнинг бари Норвегияники. Ўтган асрнинг 60 - йилларида бир пайтлар қолоқ, аграр мамлакат сифатида тилга олинган Норвегияда каттадан катта нефт захираси топилди. Мамлакат фуқаролари бепул таълим, даволаниш ҳуқуқига эга. Ишсизлик йўқ ҳисоби. Олесунга келган ҳа бир сайёҳни биринчи навбатда Аксла тоғи чўққисига олиб чиқишади. Бу ерда томошагоҳ қурилган бўлиб, 7 оролда жойлашган шаҳарни бемалол кўриш мумкин. У худди Венециянинг ўзгинасидир. Ҳатто, ундан ҳам чиройли дейишади. Олесуннинг 3 томони Атлантика океани билан ўралган. Каналлар марказий кўчалар ўрнини ўтайди. Худди суратдагидек. Яна бир эътиборли томони шундаки, кўприклар ва йўлкалар остига махсус қувурлар жойлаштирилган бўлиб, у қишда йўлларнинг музлашининг олдини олади. Сирпанчиқ йўлларда кўплаб нохуш ҳолатлар юз бериши сир эмас. Бундан 112 йил илгариги ёнғиннинг такрорланишини олдини олиш мақсадида барча уйлар тош харсанглардан қурилган. Ҳатто, томлари ҳам.

Самолётдан туриб шаҳарни томоша қилсангиз, у океанда сузиб бораётган узун кумуш балиқни эслатади. Дарвоқе, Олесун қимматбаҳо денгиз балиғи номига қўйилган. Ҳатто унинг номини  ўзгартиришга ҳам ҳаракат қилиб кўришди. Халқ буни унамади. Оддий балиқнинг номи қолгани маъқул дейишди. Норвегияда балиқ сўзи жуда жарангдордир. Замонавий Олесун кўчаларида худди музей заллари бўйлаб юргандек ҳис қиласиз ўзингизни. Ҳар бир уй турли рангда, лойиҳаси ҳам ўзгача қилиб ишланган. Ўйма эшиклар, панжаралар ҳам диққатингизни ўзига тортади. Сувга тўлган кўчалар бўйлаб митти яхталар ва моторли қайиқлар сузиб юради. Соҳилга шундоққина туташтириб қурилган йўлкалар одам оёқлари остида қимирлаб туради. Уйнинг айвонида газета ўқиб сигарета тутатиб ўтирган кишининг оёқ кийимларини қайиқ ҳаракатидан кейин юзага келаётган тўлқинлар сувга оқизиб юбораётгандек туюлади. 

Азимжон Пўлатов