Жорий йилнинг 17 июнь куни Тошкентдаги Radisson Blu меҳмонхонасида “Ўзбекистонга ташриф буюриш учун ўн сабаб” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтади. Тадбирда ҳукумат вакиллари, юртимизда аккредитациядан ўтган элчихоналар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, маданият ва санъат арбоблари иштирок этади. 
Dinara & Co. нашриёт уйи ва Murad Buildings ҳамкорлигида инглиз ва рус тилларида чоп этилган мазкур коллекцион нашр Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлаш ва хорижлик сайёхлар эътиборини юртимизга яна бир бор жалб этишни мақсад қилган.

Нашр 304 саҳифадан иборат бўлиб, ундан лойиҳа учун махсус тайёрланган фотолар, шу билан бир қаторда сўнгги 15 йил давомида суратга олинган архив ишлар жой олган. 250дан ортиқ ноёб кардлар ўлкамиз меъморчилиги, миллий анъаналари, табиати, шунингдек, халқимизнинг турмуш тарзи, дилкашлиги ва самимиятини намоён этади. Китобда ўзбекистонлик таниқли фотограф Эрнест Куртвелиевнинг жаннатмакон юртнинг ўзига хос тароватини акс эттуривчи сара ишлари жамланган. Китоб ўлканинг биз билган ва билмаган қирралари, масканлари ва фестиваллари ҳақида сўзлаб, нафақат хорижликлар, балки ҳар бир ўзбекистонлик учун ҳам қизиқ.

Янги ёндошувдаги ушбу китобни яратиш лойиҳасини замонавий иморатлар барпо этиш оркали, юртимиз кўркига кўрк қўшиб келаётган инновацион компаниялардан бири Murad Buildings қўллаб-қувватлади. Компания асосчиси Мурод Назаров китоб тайёрлаш жараёнида нафакат миллий гурурни акс эттириш, балки мамлакатнинг замонавий жилоси ва кўп-қирралигини намоён этиш борасидаги ижодий гоялар муаллифи сифатида иштирок этди.
Ижодий гуруҳ люкс тоифасидаги ноширчилик соҳасининг халқаро тажрибаларини уйғунлаштирган ҳолда ушбу китобни ярим йил давомида тайёрлаб келди. Китобнинг яратилишида         Ўзбекистонлик ўз ишининг усталари билан бир қаторда АҚШ, Буюк Британия ва Франция каби дав-латлардан муҳаррирлар ҳиссаси бўлди. Бу китоб мамлакатга ташриф буюрадиган олий мартабали меҳмонлар, сайёҳлар ва умуман бу ўлкага бефарқ бўлмаган ҳар қандай инсон учун ўзига хос совға бўла олади.

Лойиҳанинг бевосита давоми сифатида энг яхши ижодкорларни атрофида жамлаган Dinara&co. нашриёт уйи келгусида Ўзбекистон тараққиётининг турли йўналишлари — меъморчилик, санъат, маданият, шунингдек, инвестиция салоҳиятига бағишланган шу каби нашрлар сериясини яратишни режалаштирган.

Китоб билан яқинроқ танишиш учун махсус веб-саҳифа ишлаб чиқилган бўлиб, унда онлайн буюртма бериш имконияти ҳам бор: uzbekistanbook.dinara.co