Бразилиянинг Рио-де-Жанейро штати ҳукумати Олимпиада бошланишига 49 кун қолганда фалокатли молиявий вазият туфайли фавқулодда вазият эълон қилди. Бу ҳақда  The Telegraph нашри хабар бермоқда. Рио-де-Жанейро раҳбарияти чоп этган ҳужжатда нефтга нархларнинг пасайиши сабабли улар Олимпия ўйинлари олдидаги ўз мажбуриятларини бажара олмасликлари айтилган.
 
Ҳужжатда инқироз хавфсизлик, соғлиқни сақлаш, таълим ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларида "тўлиқ фалокатга" олиб келиши кўрсатилган.

Штат губернатори Франсиску Дорнеллешанинг айтишича, молиявий вазиятни тўғрилаш учун қатъий чоралар зарур бўлади. Унинг таъкидлашича, чоп этилган декрет штат билан биргаликда метро иши, соғлиқни сақлаш тизими ва ҳуқуқ-тартиботни сақлаш масалаларини ҳал қилиши керак бўлган Бразилия ҳукуматининг эътиборини тортиши керак.  

Рио-де-Жанейро мэрияси шу билан бирга шаҳарда жиддий молиявий муаммолар йўқлигига, штат раҳбарияти баёноти эса Олимпиадага тайёрланишга таъсир қилмаслигига ишора қилди. 

Ўтган ҳафтада Fitch рейтинг агентлиги Рио-де-Жанейро штати рейтингини, ликвидликнинг тез йўқолишига ишора қилиб, В+ даражадан В- га туширди.
Guardian нашри маълумотларига кўра, Рио-де-Жанейро бюджети дефицити жорий йилда 5,56 млрд долларга етиши мумкин.