РФ президенти Владимир Путин Москва ва Вашингтоннинг ҳарбий қарама-қаршилиги «дунёни янги ўлчовлар томон етаклаётганидан» хавотир билдирди, деб хабар қилмоқда ТАСС ахборот агентлиги. Президент Путин Санкт-Петербургда жаҳон ахборот агентликлари раҳбарлари билан ўтказган учрашувда, «одамлар хавфни сезишмайди», дея баёнот берган.

Унинг сўзларига кўра, АҚШ ўз РҚМ тизимларини Европада мудофаа мақсадида жойлаётганини таъкидлаётгани ёлғондир. Чунки стратегик РҚМ тизими ҳужумкор стратегик салоҳиятга ҳам эга. 

«Буларнинг бари зарба бериш мажмуалари билан уйғун равишда ишлайди: бири ёпиб туради, бошқалари ўта аниқ қурол билан зарба беради. Бошқаси жавоб тариқасида йўлланган ядро зарбасини қайтаради».

Унинг айтишича, бу ракеталар тобора такомиллашиб боради ва Россияга таҳдид сола бошлайди. Чунки расмий Москва, ракеталарни алмаштириш "сезиб бўлмайдиган иш" бўлгани боис, шахталарда айнан нима борлигини билмайди. 

Бундан ташқари, Путиннинг ишонч билдиришича, Польша ҳам, Руминия ҳам шахталарда нима борлигидан огоҳ этилмайди. 

«Буларнинг барининг оқибати нима бўлади билмадим-у, аммо биз ҳам шунга яраша жавоб беришга мажбур бўлишимизни аниқ биламан», — деб қайд этган Россия раҳбари. 

Путиннинг қўшимча қилишича, Москвани «яна агрессияда айблашадими энди фарқи йўқ, чунки бу жавоб ҳаракатлари бўлади». У шунингдек, миллий хавфсизликни таъминлаш баробарида «дунёда стратегик мувозанат»ни таъминлаш зарурлигини ҳам таъкидлаган.