Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 8 июндаги қарори билан шахсий фойдаланиш мақсадида дори-дармонлар ва тиббий анжомларни олиб кириш ва олиб чиқиш тартиби тасдиқланди. 

Ушбу низомга мувофиқ, Республикага кириб келаётган жисмоний шахс ўзи билан бирга, доимий истиқомат қиладиган мамлакати ёки кириб келаётган мамлакати тиббиёт муассасасининг ҳужжати бўлса, даволаниш мақсадида 7 кунга етадиган гиёҳванд дориларни олиб киришига рухсат берилади. 

Шунингдек, жисмоний шахслар тиббиёт маълумотномаси бўлмаган тақдирда ҳам 5 тагача турли номдаги психотроп дориларни даволаниш курси доирасида олиб кириши мумкин бўлади. Аммо дориларнинг ҳар бири 2 тўпламдан ошмаслиги шарт. 

Шу билан бирга, жисмоний шахслар божхона чегарасидан ўтаётган вақтда, ўзларида гиёҳванд ҳамда психотроп моддалар борлигини рўйхатдан ўтказиши лозим бўлади. Бунда, юқорида қайд этилганидек, гиёҳванд моддага илова тариқасида, тиббий маълумотнома, дори номи, унинг шакли ва даволаш курсига кетадиган миқдорини кўрсатиши керак бўлади. 

Шахсий фойдаланиш учун 10тагача турли дори воситалари ва тиббиёт анжомларини олиб кириш ёки олиб чиқишда ҳеч қандай тиббий маълумотнома талаб этилмайди, аммо уларнинг ҳар бири 5 тўпламдан кўп бўлмаслиги шарт. 

Тиббиёт анжомлари ҳам 5 донадан ортиқ бўлмаслиги лозим.