Сербия ва Хитой давлатлари Хитой раиси Си Цзиньпиннинг Сербия президенти Томислав Николичнинг таклифи билан Белградга ташрифининг иккинчи куни 22 та давлатлараро келишув имзолади. Бош ҳужжат стратегик ҳамкорликни ўрнатиш ҳақидаги келишув бўлди, унга икки давлат раҳбари ўз имзосини қўйди, деб хабар бермоқда Сербиянинг РТС телекомпанияси.

Шунингдек, қурилиш, инфратузилма, телекоммуникация, савдо, мудофаа, оммавий ахборот воситалари, энергетика, сайёҳлик соҳаларида ҳам келишувлар имзоланди. 

Хитой ва Белград шунингдек Хитой ҳамда Марказий ва Шарқий Европа давлатлари ўртасида тадбиркор ва инфратузилма соҳасида ҳамкорлик маркази яратишни кўзда тутувчи меморандум имзолашди. Икки давлат маданият вазирлари маданият ва санъат соҳасида 2017 йилдан 2020 йилгача ҳамкорлик қилиш дастурини имзолашди.

Хитой раҳбарининг айтишича, унинг Сербияга ташрифи ва келишувларнинг имзоланиши "икки давлат ўртасидаги муносабатларни янада юқорироқ даражага қўяди". У Сербия Хитой учун самимий дўст ва ишончли ҳамкор эканлигини айтди. 

Сербия президенти Си Цзиньпинга давлат мукофоти – Сербия Республикаси ордени тақдим қилди. Николич Хитой раисига Косово мустақиллигининг бир томонлама эълон қилинишини тан олмагани учун алоҳида миннатдорчилик билдирди. У Сербия Хитой билан иқтисодий ҳамкорлик ривожланишининг янги босқичига тайёрлигини тасдиқлади.

Си Цзиньпиннинг Белградга ташрифининг сўнгги куни – 19 июнда икки давлат раҳбари "Железара Смедерево" металлурик комбинатига ташриф буюришади. Жорий йилнинг апрелида Сербия ҳукумати бу корхонани Хитой компаниясига сотиб юборганди.