СВОЖЖДЛҚК департаментининг Сурхондарё вилоят бошқармаси ва вилоят прокуратураси томонидан фуқаро Бурхон Ашировнинг (исм-фамилиялар ўзгартирилган) аризаси юзасидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти Сурхондарё вилоят бошқармасининг ҳудудий туман бўлимларидан бирида суд ижрочиси бўлиб ишлаган Карим Ходиевнинг жиноий қилмиши фош этилди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда. 

Маълум бўлишича, у ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, таъмагирлик йўли билан фуқаро Г.Ашировнинг турмуш ўртоғи А.Йўлдошев фарзандларининг таъминоти учун алимент пулларини тўлашдан бўйин товлаб келаётганлиги сабабли, уни республика ҳудудидан четга чиқиш ҳуқуқини вақтинча чеклаш ва қидирув эълон қилиш учун “хизмат ҳақи” сўраган экан. У таниши фуқаро Р.Ўрмонов орқали Г.Ашировнинг опасидан кимёви ишлов берилган 200 минг сўм пулни пора тариқасида олаётган вақтда ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, унга суд томонидан тегишли жазо тайинланди.