Флоридалик сураткаш Ким Стоун ўз фаолияти давомида кўплаб бахтли ва ҳиссий фотосессиялар уюштирган, бироқ бу фотосессияни у бутун умрга эслаб қолди. Бир қарашда оддий расмдек, аммо...

Кимнинг қўшниси ва оилавий дўсти жаноб Уильямс уни яқиндагина дунёга келган неварасини суратга олишга таклиф қилди. Улар кичик Обрини ҳеч қачон кўра олмайдиган отасининг мотоцикл жиҳози билан суратга туширишди. 25 ёшли Ҳектор қизалоқ туғилишига бир ой қолганда ҳалок бўлган.

"Биз Обрини бувисининг адёлига ўрадик ва унинг ёнига дадасининг дубулғасини (шлемини) қўдик, қизчанинг боши тагига отасининг мотоцикл минганда киядиган қўлқопини қўйганимда, у уйқусида кулиб юборди! Дарҳол қўлимга камерани олиб, ушбу лаҳзаларни суратларга муҳрладим!" - дейди Ким. "Обрининг онаси Кетрин эса бу пайт менинг орқамда кўз ёш тўкиб турарди"...

Қизалоқнинг отаси  Ҳектор мотоциклларни жонидан ортиқ кўрарди. У кўплаб  мусобақаларда иштирок этган ва мунтазам равишда жисмоний машқлар билан шуғулланган, шу билан бирга Ҳектор  мотоциклда тез юришни хуш кўрарди. Кетриннинг ҳомиладорлигини билгач, у ўзини ортиқча хавф-хатардан халос қилиш учун велосипедга ўтди. Бироқ тақдирдан қочиб бўлмайди -  Ҳектор арзимаган можаро натижасида отиб ўлдирилди. Обрига отасидан унинг севимли мотоцикл жиҳозларигина қолди, холос. 

"Унинг отаси ўз мотоциклини жуда яхши кўрар эди. У доимо ҳимоя кийимларини киярди. Қизалоғининг туғилишига бир ойгина қолганда Ҳекторни отиб ўлдиришди.

Чақалоқлар уйқуда жилмайса, улар фаришталар билан суҳбатлашаётган бўлади, дейишади. Эҳтимол, Обри билан ҳам улардан бири суҳбатлашгандир", - деб ёзди Ким ўзининг Facebook'даги саҳифасида. 

Бу ҳикоя кўпчиликни таъсирлантирди, янги туғилган қизалоқнинг сурати эса уч юз мингдан ортиқ лайкка эга бўлди. Ушбу фотосессия уларнинг хотирасида узоқ сақланиб қолишига шубҳа йўқ.