Eurowings авиакомпанияси учувчиси 17 июнда тунги парвозлар тақиқлангунча ҳавога кўтарилишга улгуриш учун Дюссельдорф аэропортининг учиш-қўниш полосасида 72 йўловчини ташлаб кетди, деб ёзмоқда WDR.

Eurowings матбуот хизматида самолёт бортига автобуслардан биридаги 70 йўловчи кўтарила олгани, иккинчи автобусдаги 72 киши эса бортга чиқишга улгура олмагани маълум қилинди. Самолёт ҳавога кўтарилганда соат 21.50 бўлган, 22.00 дан эса аэропортда тунги парвозларга тақиқлов амал қилишни бошлайди.

Самолёт Дюссельдорфдан Дрезденга 2 соат олдин учиб кетиши керак бўлган, бироқ рейснинг ушланишига диспетчерларнинг иш ташлаши ва мураккаб парвоз шароитлари сабаб бўлган.

Баъзи йўловчилар Дрезденга автобусда етказилган, қолганлари эса меҳмонхоналарга жойлаштирилиб, эртасига учиб кетишган. Эрта парвоздан норозиларни тинчлантириш учун воқеа жойига полиция етиб келган.