18 июнда кундузи Қозоғистон даштида, Жезқазған шаҳри яқинида Халқаро коинот станциясидан туширилувчи қурилма қўнишни амалга оширди, деб маълум қилдилар "Роскосмос" вакиллари фейсбукдаги саҳифаларида. Қурилманинг капсуласида ХКСдан россиялик Юрий Маленченко, NASA фазогири Тимоти Копра ва ESA фазогири Тимоти Пик Ерга қайтдилар. Пик орбитада 186 кун бўлди.

Қурилманинг туширилиши бир неча босқичда юз берди. Дастлаб ХКСда қолган фазогирлар станция ва бошқарилувчи кема "Союз ТМА-19М" ўртасидаги люкни ёпишди, сўнгра ажратилиш содир этилди. Ердан 140 км баландликда "Союз" учта бўлим: асбоб-агрегат, маиший ва фазогирлар қўндириладиган туширилувчи қурилмага бўлинди.

Туширилувчи қурилма атмосферага кирганда ҳаракат йўналиши бўйича пешонаси билан ҳаракатланади. Унинг атрофида ҳавога ишқаланганда 2000 градуслик плазма ҳосил бўлади, 10,5 км баландликда қурилма тезлиги 220 м/сония ёки 790 км/соатга етади. Шу онда толрмозловчи парашют чиқарилади.

Парвознинг 3D-моделига кўра, қурилма қўнаётганда қаттиқ айланади ва иллюминатор орқали деярли ҳеч нарса кўринмайди.

Тормозловчи парашют 8,5 км баландликда отиб юборилади, сўнгра асосий парашют очилади, айнан унда қўниш амалга оширилади. Ер сирти билан бевосита контактда қурилманинг юмшоқ қўниш двигатели ёқилади: у зарбани сўндириб, қурилмани деярли тўлиқ тўхтатади.