Хитойнинг марказий қисмидаги Хубэй вилояти ҳудудида шанба куни ёққан жаладан кейин юзага келган кучли сув тошқинлари натижасида камида 10 киши ҳалок бўлган ва 400 минг киши эвакуация қилинган.

Синьхуа агентлиги хабарига кўра, Хуанган шаҳрини сув босган. Бу ҳудудга кун давомида 251 мм ёмғир тушган. Шиддатли сув оқими туфайли уйлар вайрон бўлиб, кўприклар ҳамда тўғонлар бузилиб кетмоқда. Телефон алоқаси ва электр энергияси таъминотида узилишлар содир бўлмоқда.

Хубэйда сув тошқинларининг хавфли даражаси эълон қилинган.

Ўтган ҳафтада Гуйчжоу, Хубэй, Юньань ва бошқа провинциялардаги жала туфайли қурбонлар бўлгани ҳақида хабар берилганди. Бу табиий офатлар жами 3 миллион кишининг ҳаётига таъсир кўрсатган.