Буюк Британия ҳукуматининг юқори мартабали амалдорларидан бирининг фикрича, Францияда россиялик ва англиялик ишқибозлар ўртасида тўқнашувлар рўй бериши Кремль томонидан ташкиллаштирилган. Бу ҳақда The Guardian нашрига асосланиб, Tribuna.uz хабар берган.

Манба маълумотига кўра, тўқнашувларда иштирок этган россиялик мухлисларнинг кўпчилиги аслида Россияда кучишлатар тизимлар вакиллари ҳисобланишади.

Нашрнинг қайд этишича, фанатлар етарлича уюшган ҳолда ҳаракат қилган ва уларнинг ҳар бир ҳаракатлари олдиндан мувофиқлаштирилган.

"Бу ҳодисалар Путиннинг гибрид урушини кенгайтиришдаги ҳаракатлари давомидир", дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 11 июнь куни Европа чемпионати гуруҳ босқичининг 1-тури доирасида Марсель шаҳрида бўлиб ўтган Россия ва Англия терма жамоалари учрашувидан олдин икки терма жамоа мухлислари ўртасида шаҳарда бир неча бор тўқнашувлар бўлиб ўтди ва ўнлаб кишилар жароҳатланди.

Ўйин тугагач эса, "Велодром" стадионидаги россиялик мухлислар гуруҳи инглиз фанатлар ўтирган трибунага бостириб кириб, инглизларни калтаклашди ҳамда байроқларини тортиб олишди. Трибунадаги вазият юзасидан УЕФА Россияга қарши интизомий иш очиб, Россия футбол иттифоқини 150 минг евро миқдорида жаримага тортди ҳамда миллий терма жамоани шартли равишда турнирдан четлатди.

Кейинроқ, Марсель кўчаларидаги тартибсизликлар бўйича Франция ҳукумати россиялик 3 нафар мухлисга қамоқ жазоси тайинлади.

Айни вақтда икки нафар англиялик мухлис болға ва арматура парчаси билан берилган зарба туфайли кома ҳолатида қолмоқда. Британия полицияси вакили Марк Робертснинг сўзларига кўра, россияликларнинг ҳужумлари "кейинги 10 йил ичида энг жиддий ва мувофиқлашган ҳолда" амалга оширилди.

Россиялик мухлислар етакчиси Александр Шпригин Франциядан депортация қилинган. У тартибсизликларда иштироки учун қўлга олинган 43 нафар россиялик мухлисдан бир эди.

Ўз навбатида расмий Москва Франция ҳукуматини "аксилрус кайфиятини қутқулаш"да айбламоқда.

Манба: Tribuna.uz