Фуқаро Мухлиса Абдуллаева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Тошкент шаҳридаги Юнусобод тумани ҳудудидаги уйлардан бирини сотиб олишни мақсад қилади. Бироқ уйининг жойлашувини кўргач, унда шубҳа пайдо бўлади. Боиси ушбу объект жойлашган манзилнинг яқин атрофидаги уй-жойлар бузилиб, янги бинолар қад ростлаётган эди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси ёзмоқда.

Мазкур масалага ойдинлик киритиш мақсадида М.Абдуллаева Тошкент шаҳар архитектура ва қурилиш бош бошқармасига боради. У ерда ушбу масала билан шуғулланадиган ходимни топиб, ундан харид қилмоқчи бўлган уйи яқин йиллар ичида бузилиши ёки бузилмаслигини сўрайди. Р.Мухторов эса мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда виждонини четга суради ва вазиятдан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб қолишни мақсад қилади. М.Абдуллаевдан ушбу масалага ойдинлик киритиб бериш учун 350 минг сўм пул талаб қилади. Иши битмаслигидан қўрққан М.Абдуллаева унинг талабига рози бўлади. 

Бироқ Р.Мухторов мақсадига эриша олмади. Аёлдан 350 минг сўм пулни олаётган вақтида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди Р.Мухторовнинг қилмишига яраша жазо тайинлаб, ҳукм чиқарди.