Аргентина терма жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси Америка Кубоги чорак финалида Венесуэлага қарши кечган ўйиндан кейинги таассуротлари билан ўртоқлашди.

Месси бу ўйинда битта голга муаллифлик қилди ва терма жамоа тўпурарларини рўйхатини бошқариб келган собиқ футболчи Габриэль Батистута билан тенглашиб олди. Эндиликда ҳар икки футболчи Аргентина терма жамоаси сафида 54тадан гол урган футболчилар бўлиб турибди.

«Терма жамоанинг энг яхши тўпурари бўлиш мен учун муҳим аҳамиятга эга. Ахир гап Батистита ҳақида кетмоқда. Лекин мен жамоанинг муваффақиятларидан кўпроқ хурсанд бўламан. Мени жамоа кўрсатаётган ўйин жуда хурсанд қилмоқда. Биз майдонга ҳамиша қаҳрамон бўлиш учун чиқамиз. Бу таркиб икки марта катта турнирлар финалида ўйнашга улгурди. Умид қиламанки, бу ишни учинчи марта ҳам уддалаймиз. Шу пайтгача қандай ўйнаб келган бўлсак, шу ишни қилишда давом этишимиз керак», — дея Мессининг сўзларини келтирган Goal.

Манба: Tribuna.uz