Россия Озарбайжонга Т-90С танкларини етказиб бериш бўйича мажбуриятларини бажарди, деб хабар бермоқда "Кавказский узел" нашри.

"Тўлиқ бажардик, етказиб беришлар якунланди", деб маълум қилди Петербург халқаро иқтисодий форумида "Уралвагонзавод" бош директори Олег Сиенко.

Қурол-аслаҳа ва техникани етказиб бериш бўйича 2010 йилда тузилган шартномалар пакетининг қиймати ошкор қилинмаган, бироқ мутахассислар уни 1 млрд долларга баҳолашганди. "Рособоронэкспорт"да шартномалар пакетини 2017 йилда ёпиш режалаштирилаётгани маълум қилинганди.

Таъкидланишича, Россия қурол-аслаҳасини Озарбайжонга етказиб бериш масаласи Арманистон сиёсатчилари томонидан Қорабоғ ихтилофи кескинлашгандан кейин кўтарилганди. 2016 йил баҳорда Россия бош вазир ўринбосари Дмитрий Рогозин Москва Бокуга ҳам, Ереванга ҳам қурол етказиб беришни давом эттиришини айтган.

Июнь ўртасида мудофаа вазири Сергей Шойгу Арманистон билан стратегик ҳамкорлик ҳақида маълум қилган. 20 июнга Россия президенти Владимир Путиннинг Арманистон ва Озарбайжон президентлари билан уч томонлама музокаралари белгиланган.