Италиянинг шимолида жойлашган Изео кўлида асли келиб чиқиши болгариялик бўлган америкалик ҳайкалтарош Христо Явашевнинг янги катта инсталляцияси шанба куни очилди. «Сузувчи йўлакча» (The Floating piers) номли инсталляция уч километрлик йўлакчадан иборат бўлиб, энига 10 метрни ташкил этади. Сув устидан ўтувчи санъат асари қирғоқ бўйидаги Сульдзано шаҳарчасини Монте-Изео оролчаси билан боғлайди. 

Йўлакчани яратиш учун Христо Явашев инсон оғирлигини кўтара оладиган ва сув сатҳида тура оладиган 220 минг куб ҳажмдаги махсус ашёдан фойдаланган. Йўлакчадан юриб кетаётган одам ўзини сувнинг устида юраётгандек ҳис этади. Буни тўлиқроқ ҳис этиш учун муаллиф «йўлакчадан» оёқ кийимсиз юришни маслаҳат беради. Охирги берилган безак махсус олов рангдаги мато бўлиб, қуёш нурлари остида йўлакча сариқ рангга киради. 

«Сузувчи йўлакча» лойиҳасини амалга ошириш учун ҳайкалтарош ўзининг 15 миллион евросини сарфлади. «Сувдаги йўлак» учун кириш бепул. 

Италиянинг бу минтақасидаги сайёҳлик бизнеси бу янги лойиҳадан 50 миллион евро фойда кўриши кутилмоқда. "Скай-ти-жи-24" телеканалининг таъкидлашича, инсталляция ўрнатилганидан сўнг қирғоқ атрофидаги меҳмонхоналарнинг нархи уч баробар ошиб кетди. Тахмин қилинишича, Изеодаги «Сузувчи йўлакча»ларни кўриш ва уларнинг устида сайр қилиб кўриш учун икки ҳафтада ярим миллионгача сайёҳ ташриф буюрар экан. «Сузувчи йўлакча»ларнинг умри қисқа бўлиб, уларни 3 июль куни йиғиштириб олишади.