Жиззах вилоятида туғилган Ҳамид Мансуров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ҳам анчадан бери ўқишга кириш ниятида юрар, аммо ҳеч уддасидан чиқолмасди. Миллий университетда аъло баҳоларга ўқиётган ўртоғи Самуғ Норчаев билан учрашиб қолганида, унга очиқчасига ҳавас қилар, “Мениям ўқишга киришимга ёрдам берсанг нима қилади. Таниш-панишларинг бордир, ахир?!” деб иддао қиларди. “Хўп” дейишдан бошқа чора тополмаган Самуғ ахийри танишларидан сўраб-сураштира бошлади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда. 

Кўп ўтмай қишлоққа йўли тушган Самуғ ўртоғини топди-да, ўқиш масаласида сўраб-суриштиришни бошлаганини, шаҳарга бориши кераклигини айтиб, икковлон йўлга тушишди. Пойтахтга келганидан сўнг Ҳамид поччасининг уйига жойлашди. Орада Самуғ ишончли бир одамни топгани, у ўзи ўқийдиган университетда ҳисобчи бўлиб ишлашини айтиб, суюнчи сўради. Кейин эса ўзининг гапи бўйича уни уч-тўрт кун топа олмади ва ниҳоят орадан бир неча кун ўтиб, ўша таниши билан учраштиришни ваъда қилди.

Кечки пайт Ҳамид оғайниси Самуғ ҳамда поччаси ҳамроҳлигида келишилган жойга етиб келди. Кўп ўтмай “ҳожатбарор”нинг машинаси ҳам келиб тўхтади. Салом-аликдан сўнг ўзини Хўжаев Қурбон, деб таништиргач, анча жойда танишлари борлиги-ю, деярли исталган ўқув юртига киритиб қўйиш қўлидан келишини айтиб, Ҳамид қаерга кирмоқчи бўлаётгани билан қизиқди. Абитуриентнинг нияти Тошкент темир йўл муҳандислари институти эканлигини эшитгандан кейин у ерда каттароқ танишлари борлиги, “хизмат ҳақи” ҳам шунга яраша бўлишини айтди. Ҳамид ҳамма шартга розилигини билдиргач, 9 минг АҚШ долларига ўқишга кирита олишини, бу пулдан ўзига нари борса 500 доллар қолишини айтиб, ваъдани катта қилди.

Ҳамид шу сафар қандай бўлмасин, ўқишга киришга қатъий аҳд қилган эканми, бу гапни эшитгандан кейин Қ.Ходжаев бошқариб келган машинага ўтирди-да, бошқаларнинг гувоҳлигида айтилган миқдордаги маблағни чиқариб берди. Ўз навбатида, Қ.Хўжаев пулларни машинасида ўтирган қизига бериб, санаб олишни буюрди. Кейин эса Ҳамидга эртагаёқ ҳужжатларини топширишни тайинлаб, улар билан хайрлашди. Эртаси куни ҳужжатларини топширган Ҳамид унга телефон қилган эди, имтиҳон олдидан қўнғироқ қилиш ҳақида топшириқ олди.

Имтиҳон куни Ҳамид унга телефон қилди. Қурбон бемалол имтиҳонга кираверишни, олдига бир одам келиб ёрдам беришини айтиб, омад тилади. Аммо ҳеч ким келмади. Имтиҳон тугагач, Ҳамид Қурбонга телефон қилиб, вазияти тушунтирагн эди, Қурбон хотиржам бўлишни, керак бўлса, тест марказидаги танишларини ишга солишини айтиб, лоф урди. Бироқ вақти келиб Ҳамиднинг ўқишга киролмагани маълум бўлди. У шоша-пиша Қ.Хўжаевга қўнғироқ қилди. Қ.Хўжаев эса Ҳамидни яна хотиржам қилиб, бошқа йўл билан киритиш мумкинлигини ҳақида оғиз кўпиртирди.

Ҳамид унга ишонди. Аммо натижа бўлмади. Ҳамид телефон қилишдан, Қурбон эса ваъда беришдан чарчамади. Охири Ҳамиднинг тоқати қолмади ва тегишли органларга мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Суд томонидан фирибгарга ҳамда жиноят содир этилишига шароит яратган кимсага тегишли жазо тайинлади.