Рус миллатига мансуб америкалик актёр Антон Ельчин Калифорнияда автофалокатда ҳалок бўлди. Актёр 27 ёшда эди.

Ельчин 19 июнь эрталабки пайт Сан-Фернандо водийсида ҳалок бўлган. Актёр дўстлари унинг жасадини автомобиль ва уйининг кўча дарвозасига маҳкамланган ғиштли почта қутиси орасида сиқилган ҳолда аниқлашган. Бу ҳақда TMZ портали маълум қилди.

The Hollywood Life маълумотларига кўра, актёр дўстлари билан учрашувга бориши керак бўлган. У ўз уйи дарвозасига келиб, ўзининг автомобилидан тушган. Актёрнинг уйига йўл қиялаб кетган бўлиб, унга тепаликдан тушиш керак бўлган. Актёр автомобилни қўл тормозига қўймаган бўлган. Оқибатда машина қияликдан тушиб, уни дарвозага сиқиб қўйган.

Бироқ полицияда бунга шубҳа билдирилмоқда ва актёрнинг ҳаётига тажовуз қилинган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Актёрнинг жасадини унинг учрашувга келмаганидан хавотирлана бошлаган дўстлари аниқлашган.

Фожиа муносабати билан Ельчин оиласи уларнинг шахсий ҳаётга ҳуқуқлари ҳурмат қилинишини илтимос қилишган.

Ельчин 2000 йилдан бери кинода суратга тушиб келган. Унинг охирги иши – Павел Чеховнинг "Стартрек: Чексизлик" фильми бўлган. Фильм июлда прокатга чиқиши белгиланган. Ҳаммаси бўлиб актёр 25 дан ортиқ, жумладан, "Альфа Дог", "Терминатор: ҳалоскор келсин", "Нью-Йорк, сени севаман" фильмларида суратга тушган.