Бельгия ҳукумати 2015 йилда поездда теракт амалга оширишга тайёргарчилик кўриш иши бўйича 6 киши ҳибсга олинганини маълум қилди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги. 

Хабарда айтилишича, теракт Амстердам-Париж поездида амалга оширилиши режалаштирилган бўлган.

2015 йил август охирида Бельгия федерал прокуратураси Амстердамдан Парижга кетаётган Thalys поездида отишма содир бўлгандан кейин теракт содир этишга уриниш бўйича иш қўзғатган. Прокуратура вакили Эрик ван дер Сиптнинг айтишича, иш "аксилтеррорчилик қонуни" ва "гумонланувчи поездга Брюсселда ўтиргани" асосида қўзғатилган.

Хабарда айтилишича, дастлабки маълумотларга кўра, поездда отишмани Испанияда яшовчи 26 ёшли марокашлик содир этган.

Отишма оқибатида 3 киши жароҳат олган. Жиноятчи йўловчилар томонидан зарарсизлантирилган ва ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимларига топширилган.