Россия президенти Владимир Путин «Роснефть» давлат компаниясининг 19,5 фоиз акцияларини Ҳиндистон ва Хитой компанияларига сотиш эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Ушбу битим тузилгудек бўлса, унинг қиймати 700 млрд рубль ёки 11 млрд долларни ташкил этади, деб хабар қилмоқда Bloomberg агентлиги. 

Агентлик манбасининг хабарига кўра, Россия имкони бўлса, икки давлат билан ҳам келишув имзолаш ниятида. Агар, ушбу уриниш муваффақиятли якунланса, Россия давлат мулкини хусусийлаштириш бўйича ўзига хос рекорд натижа қайд этилади. 

Exxon Mobil Corp. дан кўпроқ хом ашё қазиб олувчи "Роснефть" компанияси фаолиятига Осиёнинг икки йирик иқтисодиётини жалб этиш, Россия бюджетидаги камомад ўрнини тўлдириш баробарида, мамлакатнинг геосиёсий ўрнини мустаҳкамлайди, деб ёзади агентлик. Бундан ташқари, мазкур битим, 2013 йили Британиянинг BP Plc компанияси харид қилган 20 фоиз акцияларга қарши паллани мувозанатга келтириши керак. 

RNS хабарига кўра, Oil India, Indian Oil ва Bharat Petro Resources ҳинд компаниялари консорциуми Ванкор лойиҳасида 23,9 фоиз улушни харид қилган, Келишув ПХИФ-2016 доирасида имзоланган эди. 

Россия энергетика вазири Александр Новак ҳам Петербург халқаро иқтисодий форумида қилган чиқишида, Хитой компаниялари ва сармоядорларининг «Роснефть» давлат компаниясини хусусийлаштиришда иштирок этиши эҳтимолини рад этмаган эди.