БААдаги Медиа Сити туманида жойлашган Royal Kebab ресторанида текин егулик улашилаётгани ҳақида эълон пайдо бўлди. Унда: “Сиз ишсиз қолиб, уни қидиряпсизми? Биз бунинг осон эмаслигини тушунамиз. Куннинг исталган вақтида ресторанимизга ташриф буюринг ва исталган таомингизни текинга олинг”, деб ёзиб қўйилган. Ресторан эгаларидан бири Манан Мистрининг сўзларига кўра, улар яқиндаги қурилиш майдонларига текин егулик жўнатмасини ҳам ишга туширишган.

Британиялик Манан Мистри ўзининг иш ҳамкори Диллон Дарьянани билан биргаликда 2 йил муқаддам ресторан бизнесига асос солишди. Унгача Мистри 2 йил ишсиз юрган эди. Шу боис у ишсиз юрган одамларни яхши тушунишини айтиб ўтган.

Аввалига улар ишсизлар оқими ёпирилиб келишидан чўчишди. Аммо бугунга қадар келаётган меҳмонлар ўзларини жуда одобли тутишмоқда. Улар 15 доллар миқдоридаги таомлар билан бепул таъминланишмоқда.

Манан Мистрининг айтишича, ресторанда доимо егулик ортиб қолади. У Дубайдаги бошқа ресторанлар ҳам ушбу акцияга қўшилишларига умид билдирган.