Карелия республикаси раҳбари Александр Худилайнен журналистларга Сямозеро кўлида юз берган фожиа куни тўлқинлар баландлиги 2 метрга, шамол тезлиги эса 17 м/сонияга етганини маълум қилди.

Охирги маълумотларга кўра, фожиа оқибатида 14 бола ва яна бир вояга етмаган инструктор ҳалок бўлган.

"Улар сафарга отланган куни шамол тезлиги 14-17 м/сонияга, тўлқин баландлиги эса 1,5-2 метрга етган. 25 киши рафтда (дам бериб шиширилган қайиқ), яна иккита қайиқда 13 кишидан бўлган. Айнан қайиқларни тўлқин тўнтариб юборган ва болалар сувга тушиб кетишган", деб айтди Худилайнен.  

Ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари инструкторлар бундай об-ҳаво шароитида умуман қандай қилиб сайрга чиқишганини аниқлашлари керак бўлади. Ваҳоланки, об-ҳаво мутахассислари ҳам, фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳам маҳаллий аҳолини кучли шамол ва кучли ёмғирлардан огоҳлантиришган бўлган.

20 июнь Карелия ва Москвада мотам куни деб эълон қилинди. Россия президенти Владимир Путин ҳалок бўлган болаларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирди. Путин вазиятни ўз назоратига олган.