Қозоғистон ТИВ раҳбари Ерлан Идрисов Ақтўбедаги терактлар ИШИД етакчиларидан бири томонидан бутун дунё бўйлаб ўз тарафдорларини Рамазон арафасида зўравонлик ҳаракатлари амалга оширишга чақириши ортидан рўй бергани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости хабар тарқатган.

"Ҳа, биз аниқладик. ИШИД таркибидаги гуруҳлардан бирининг раҳбари, Аднани шарифли кимса интернет орқали ўз тарафдорларини муқаддас Рамазон ойи арафасида фаол равишда зўравонлик ҳаракатлари содир этишга чорлаган", деган у халқ вакиллари билан учрашув вақтида.

Идрисовнинг фикрича, "бу чақириқ ИШИДнинг нақадар манфурлигини" кўрсатади.

Бундан аввалроқ, Қозоғистон ИИВ раҳбари Калмуханбет Қосимов Ақтўбедаги террорчилар Сурия ҳудудидаги бошлиқларидан кўрсатмалар олиб тургани ҳақида баёнот берганди.

Эслатиб ўтамиз, Ақтўбеда 13 июнь куни радикал гуруҳ вакиллари қатор хунрезликлар амалга ошириб, 7 кишини ўлдиришди ва ўнлаб кишиларни жароҳатлашди. Аксилтеррор амалиётлар давомида жангариларнинг 13 нафари йўқ қилинган, 9 нафар гумонланувчи қўлга олинган.

Нурсултон Назарбоев маъмурияти бу терактларга анчадан буён тайёргарлик кўрилганини билдирган. Президент бу терактда "рангли инқилоб" аломатларини кўргани ҳақида айтган.