Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро С.Қутлимуратова ана шундайлар тоифасидан бўлиб чиқди. У муқаддам жиноят ишлари бўйича Нукус туман суди томонидан фирибгарлик жинояти учун судланган эди.  У амнистия актига биноан жазодан озод қилинган бўлса-да, яна эски ҳунарини бошлади. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Жиноий жавобгарликдан озод этилгандан сўнг шаҳарда “Кристалл” маиший хизмат кўрсатиш марказига ишга кирган С.Қутлимуратова аввалига туппа-тузук ишлаб юрган эди. Кейин эски “касали” хуруж қилдими ёки нафси тинчлик бермадими, хуллас доимий мижозларидан бири Раушанга: “Пластик карточкасида пули бор одамлардан топиб келсанг, беш фоиздан ушлаб, нақд пул қилиб бераман”, деб қолди.

Анчадан бери таниш бўлганлиги боис, Раушан ҳам унга ишонди ва ҳамкасбларига ушбу гапни етказди. Қарабсизки, кўп ўтмай унинг олдига бирин-кетин пластик карточкасига пули фуқаролар кела бошлашади. С.Қутлимуратова фуқаро М.Апсаметованинг 2 млн.сўм, А.Баймуратова 300 минг сўм, В.Қурбаниёзова 200 минг сўм, Р.Бекниязованинг 200 минг сўм, А.Примбетова эса 525 минг сўм пул маблағи бўлган пластик карточкаларини йиғиб олади-да, тезда нақд қилиб беришни ваъда қилади.

Орадан кунлар ўтади. Пулдан ҳам пластик карточкаларан ҳам дарак бўлавермагач, фуқаролар С.Қутлимуратовага қўнғироқ қилиб, пулларини қайтариб беришни талаб қилишади. 

С.Қутлимуратова уларга фақат пластик карточкаларини қайтариб беради Карточкаларни ишлатиб юборилган пулларни қайтаришни эса турли баҳоналар билан пайсалга солади. Фирибгарларга дуч келишганини англаган фуқаролар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилишга мажбур бўлишади.

Мазкур ҳолат юзасидан олиб борилган тергов-суриштирув ишлари давомида С.Қутлимуротова айбига иқрор бўлиб, оилавий қарзлари кўпайиб кетганлиги сабабли мазкур жиноятга қўл урганлигини айтиб кечирим сўради. Унга қилмишига яраша тегишли жазо тайинланди.