Спорт эпикировкалари ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган Puma компанияси Швейцария терма жамоасининг Францияга қарши учрашув вақтида 4 футболчининг либослари йиртилиб кетгани сабабларини аниқлашган ваъда берди.

Компания вакили журналистларга берган интервьюсида бу борада текширувлар ўтказилишини, натижалар кейинроқ маълум қилинишини билдирган.

Puma турнирда иштирок этаётган 5та терма жамоани либослар билан таъминлаган, бу жамоалар турнирда 10та учрашув ўтказиб бўлган, шу вақтгача бундай ҳолат кузатилмаганди.

Puma компаниясининг асосий рақобатчиси Adidas ҳисобланади. Немисларнинг бу фирмаси Европа чемпионатида иштирок этаётган 24 терма жамоанинг 9тасини "кийинтирган".

Рейтер маълумотига кўра, ҳар бир футболчи учун ҳар бир ўйинга 3тадан либос тайёрланган.

Adidas матбуот хизмати вакили Кати Шрайбернинг билдиришича, формалардан бири биринчи бўлим учун, яна бири иккинчи бўлим учун, учинчиси захирада бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 20 июнга ўтар кечаси Швейцария ва Франция терма жамоалари ўртасида ўтказилган, 0:0 ҳисобида якунланган ўйин давомида Адмир Меҳмеди, Бреэл Эмболо, Блерим Жемаили ҳамда Гранит Чаканинг (2 марта) футболкалари йиртилиб кетди ва улар захирада турган янги либосларни кийиб ўйинни давом эттиришга мажбур бўлишди.

Кейинроқ Швейцария терма жамоаси аъзоси Чердан Шакири бу ҳодисага ҳазиломуз тарзда ёндашиб, муносабат билдирди.

Терма жамоа дарвозабони Ян Зоммер эса бу ҳодиса спорт эпикировкаларига муносабатни ўзгартирмаслиги кераклигини айтди.

«Бундай ҳолатлар юз бериб туради. Бу биз майдонда қандай кескин кураш олиб борганимизни англатади», — деган у.