Швейцария терма жамоаси футболчилари 20 июнь кунига ўтар кечаси Францияга қарши учрашувда брак матолардан тайёрланган футболкалар кийган ҳолда иштирок этишган ва бу 4 нафар футболчининг либоси ўйин давомида йиртилиб кетишига олиб келган. Бу ҳақда Puma вакилига асосланиб, Tribuna маълум қилган.

Швейцария ва Франция терма жамоалари ўртасида ўтказилган, 0:0 ҳисобида якунланган ўйин давомида Адмир Меҳмеди, Бреэл Эмболо, Блерим Жемаили ҳамда Гранит Чаканинг (2 марта) футболкалари рақиб билан тўп учун курашлар чоғида йиртилиб кетди ва улар захирада турган янги либосларни кийиб ўйинни давом эттиришга мажбур бўлишди.

"Биз швейцарияликлар якшанба куни кийган формаларни дарҳол экспертизадан ўтказдик. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, бу футболкалар брак материаллардан тайёрланганди. Материалларнинг яроқсиз ҳолатга келиб қолиши ишлаб чиқариш технологиясида ҳарорат, босим ёки вақт туфайли юз берган бузилиш ортидан келиб чиққан бўлиши мумкин", деган Puma вакили.

"Биз турнирда Puma тайёрлаган либосларда иштирок этаётган барча терма жамоаларнинг (Швейцария, Италия, Чехия, Словакия, Австрия) формаларини текширувдан ўтказамиз ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини кафолатлаймиз", дея қўшимча қилган у.

Компаниядагиларнинг билдиришича, Европа чемпионати учун либослар Туркиядаги корхоналардан бирида тайёрланган.

Puma келтирилган ноқулайлик учун Швейцария футбол иттифоқидан узр сўраган.