Насилло Ширинов 2010 йилда “Furqat-Shaxboz Fayz” масъулияти чекланган жамияти фаолиятини яхши ниятда йўлга қўйган эди. Аммо ошхонадан оқиб келаётган даромад мақоламиз “қаҳрамони”ни ҳам йўлдан адаштирди. Н.Ширинов ўғилларини ўзига жиноий шерик қилиб олиб, жуда кўп миқдорда савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини буза бошлади.  У 2011-2015 йиллар давомида жами 1 миллиард 749 минг сўм савдо тушумларини жамият хазинасига кирим қилмаётгани аён бўлди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” нашри ёзмоқда.

Н.Ширинов шахсий манфаатлар кўланкасида қонун талабларини унутиб бораверди. Тўғрироғи, тадбиркорлар учун яратилаётган имкониятларни суиистеъмол қилди. Банк ҳужжатлари ва солиқ  маълумотларида 16 нафар ишчи-ходимнинг исм-фамилияси қайд этилган бўлса-да, ҳақиқатда 60  нафар киши етарли шароитлари бўлмаган ошхонада ишлаб келган. Унинг кирдикорларига батафсил тўхталиб ўтирмай, биргина ҳолатни баён этмоқчимиз.

Қонун талаблари унутилган жойда жиноят юз бериши аниқ. Оқибат шу бўлдики, ошхонада мавжуд бўлган, охирги марта 1995 йилда текширувдан ўтказилган, стандарт талабларига жавоб бермайдиган 6 дона газ баллонларидан нотўғри фойдаланилиши натижасида ёнғин келиб чиқди. Ходиса жойида бўлган бир неча фуқаро ёнғин оқибатида вафот этди, 32 нафар фуқаро оғир ва ўта оғир даражадаги тан жароҳатлари олди.

Мақола аввалида келтирганимиз нафс йўлида йиғилган мол-дунё буюрмади. Бухоро шаҳар ҳокимлиги, ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан огоҳлантирилишига қарамай, ўз билганича иш тутиб қонунларга беписандлик қилган жамият раҳбари Н.Шириновнинг қилмишига суд адолатли баҳо берди.