БМТ бош котиби Пан Ги Муннинг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Жеффри Фелтман 23-24 июнь кунлари Тошкентда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида  иштирок этади. Бу ҳақда БМТ Янгиликлар маркази хабар қилган.

«Мазкур саммит Ўзбекистон ташкилотга раислик қилган 2010 йилдаги каби муҳим аҳамият касб этади. Ўтган галги раислик доирасида БМТ ва ШҲТ котибиятлари ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги декларация имзоланган эди», дейилади хабарда.

Саммит арафасида БМТ Бош ассамблеясининг расмий ҳужжати сифатида Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонаси томонидан ШҲТнинг минтақада тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашдаги ҳиссаси тўғрисидаги материалдан иборат қўшимчага эга мактуб эълон қилинганди.

«Мамлакатимиз ШҲТ раислиги доирасида халқаро алоқаларни ривожлантириш, унинг норматив-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, ШҲТ Хартиясида ўз аксини топган мақсадлар, вазифа ва тамойилларга мувофиқ келувчи хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ ташаббусларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш йўли билан ташкилот фаолияти самарадорлигини оширишда муносиб ҳиссасини қўшди», — дейилган мактубда.

ШҲТ Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистонни ўз ичига олган ташкилот бўлиб, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Эрон, Мўғулистон ва Беларусь кузатувчи давлатлар мақомида ташкилот фаолиятида иштирок этади. Туркия, Шри-Ланка, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа ва Непал ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкорлари саналади.

Уфада бўлиб ўтган 2015 йилги саммитдан сўнг Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга аъзо бўлиш жараёни бошланган.